Душанбеда парламент мажмуаси Хитой маблағлари эвазига қурилади

Жаҳон 19 Июль 2017 6441

Хитой Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида янги парламент мажмуасини қуриш учун 230 млн доллар маблағ ажратади.

«Хитой билан бу борада тегишли келишувга эришилди», - дея хабар берди Тожикистон ҳукуматининг архитектура ва қурилиш бўйича қўмитаси раиси Жамшид Аҳмадзода Душанбедаги матбуот-анжуманида.

Унинг сўзларига кўра, Хитой умумий миқдорда 230 млн долларлик грант тақдим этади.

Аҳмадзоданинг таъкидлашича, Душанбедаги янги парламент биноси тўрт қаватдан иборат бўлади, лойиҳа тайёрланган, дастлабки ишлар бошланган.

Шунингдек, қўмита раҳбарининг хабар беришича, айни дамда Хитой билан Душанбедаги ҳукумат мажмуасини қуриш учун ҳам грант тақдим этиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.

Аввалроқ Душанбедаги парламент мажмуасини қуришга Саудия Арабистони 200 млн доллардан кўпроқ ҳажмда беғараз ёрдам тақдим этиши хабар қилинганди. Бироқ, Саудия дипломатик миссияси вакиллари бу маълумотни рад этишган.

Тожикистоннинг янги парламент мажмуаси мамлакат қишлоқ хўжалиги, Душанбе ҳокимияти, Эрон элчихонаси ва бир қанча турар-жой биноларининг ўрнида қурилиб, 6 гектарлик майдонда жойлашади.

 

Кўпроқ янгиликлар