Хорижлик фуқароларга лицей ва коллежларимизда ўқиш учун тўлов миқдори қанча?

Жамият 19 Июль 2017 8266

САВОЛ: Хорижий фуқароларнинг Ўзбекистон Республикасидаги академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида таълим олиши учун тўлов миқдори қанчани ташкил этади ва қандай тартибда амалга оширилади?

Ш.МУРОДОВ, Тошкент шаҳри

ЖАВОБ: Бугунги кунда хорижий фуқароларнинг Ўзбекистон Республикасидаги академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида таълим олиши учун тўлов миқдори Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда бир ўқув йили учун 1000 АҚШ доллар этиб белгиланган.

Хорижий фуқароларнинг Ўзбекистон Республикасида академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида таълим олиши учун тўлов тартиби, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2013 йил 26 февралда 2431-сон билан рўйхатдан ўтказилган «Олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида ўқитишнинг тўлов-контракт шакли ва ундан тушган маблағларни тақсимлаш тартиби тўғрисида»ги низом талаблари асосида ҳамда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаси ва ўқувчи ёхуд унинг ота-онаси (ёки унинг ўрнини босувчи шахслар) ўртасида тузилган шартнома шартларига мувофиқ амалга оширилади.

 

САВОЛ: Фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикасида академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида таълим олиши қандай тартибда (яъни, хорижий фуқаролар учун белгиланган тартибдами ёки Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун белгиланган тартибда) амалга оширилади?

З.ХАМИДОВА, Тошкент шаҳри

ЖАВОБ: «Таълим тўғрисида»ги Қонуннинг 4-моддаси тўртинчи қисмига (29.08.1997 йилдаги 464-I-сон) асосан Ўзбекистон Республикасида истиқомат қилаётган фуқаролиги бўлмаган шахслар билим олишда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан тенг ҳуқуқларга эга. Агар ўқувчи Ўзбекистон Республикасида истиқомат қилиб фуқаролиги бўлмаган шахс ҳисобланса, академик лицей ёки касб-ҳунар коллежи раҳбарияти ундан чет эл фуқароси сифатида ўқиш учун ҳақ тўлашни талаб қилишга ҳақли эмас.

 

САВОЛ: Касб-ҳунар коллежида ўқитувчи бўлиб ишлайман. Бир йилда қанча моддий рағбатлантириш олишим мумкин?

А.РАСУЛОВА, Тошкент вилояти

ЖАВОБ: Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 1 августдаги 165-сон қарори билан тасдиқланган «Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасининг директор жамғармаси тўғрисида»ги низомнинг 5-иловасида Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг айрим ўрнак кўрсатган ходимларини мукофотлаш уларнинг ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасини ривожлантиришга қўшган шахсий ҳиссаси ва ўз фаолиятида юқори кўрсаткичларга эришганлиги учун уларга бир лавозим маошигача микдорда бир йўла мукофот тўлаш йўли билан амалга оширилади. Мукофотлаш ўқув юрти иш якунларини чиқариш натижалари бўйича амалга оширилади, деб белгилаб қўйилган.

Саволларга Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус касб-ҳунар таълими маркази юрисконсульти Умиджон АВЕЗОВ жавоб берди.

Кўпроқ янгиликлар