«Барселона»нинг собиқ президентларидан бири Жоан Гаспарнинг ҳисоблашича, «ПСЖ» каталонияликлардан Марко Верратти билан боғлиқ машмашалар учун қасос олмоқда. Унинг сўзларига кўра, айнан шунинг учун Неймарнинг трансфери бўйича миш-мишларни тарқатишган.

«Неймар «Барселона»дан кетмайди. Менимча, «ПСЖ» раҳбарияти «Барселона» уларнинг футболчисини ўзига оғдириб олмоқчи бўлгани учун хафа бўлган. Неймарнинг трансфери бўйича тарқалган хабарлар тўлқини эса - уларнинг қасос олишга уринишидир. Уларнинг ўзи бу гапларни пайдо қилишмоқда», дея Гаспарнинг сўзларини келтирган Rac1.

Ўтган кунлардан Неймар Лионель Месси соясида қолиб кетаётгани туфайли каталонияликлар клубидан кетиши ҳақида хабарлар тарқалганди.

Кейинроқ «ПСЖ» «Барселона»дан Неймарни 222 миллион еврога трансфер қилмоқчилиги ҳақида хабар пайдо бўлди.

«Барселона» спорт ишлари директори Роберто Фернандес бу хабарларга муносабат билдириб, уни сотиб олишга қодир жамоанинг ўзи йўқлиги, Неймар кетмаслиги 200 фоизга аниқлигини айтиб ўтган.

Айни вақтда 25 ёшда бўлган Неймарнинг «Барселона» билан амалдаги шартномаси муддати 2021 йилгача.