Сўнгги йилларда энергия ресурларидан дебитор қарздорликни камайтириш, улардан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларининг олдини олиш борасида талабга жавоб бера олувчи ишлар олиб борилмаган: электр энергияси ва газ тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиш ёки талон-торожликка йўл қўйилган ҳолатлар ошиб борган.

Ана шу камчилик ва хатоларни ҳисобга олган ҳолда президентнинг 29 майдаги фармонига асосан Бош прокуратура ҳузурида ташкил этилган Мажбурий ижро бюросига энергия ресурслари учун тўловларни ўз вақтида ва тўлиқ ундириш, электр ва газ тармоқларига ноқонуний уланиш ҳамда талон-торожликнинг олдини олиш, суд ва бошқа ҳужжатларнинг ижросини сўзсиз таъминлаш каби муҳим вазифалар юклатилди. Бу ҳақда Кун.uz'га Мажбурий ижро бюроси Самарқанд вилоят бошқармаси маълум қилмоқда. 

Тўлов тизимини яхшилаш орқали электр ва газ тармоқларини модернизация қилиш, барча ҳудудларда янги ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш объектларини ишга тушуриш, аҳолининг турмуш даражаси ва фаровонлигини ошириш энг муҳим вазифалар ҳисобланади.

Шу ўрин эслатиб ўтиш лозим, бундан кейин энергия ресуслари учун тўловлар учун бу корхоналар ходимлари хонадонма-хонадон юрмайди. Агар борадиган бўлса ҳам, пул тўлаш мумкин эмас. Фақат бюро ходимлари боради. Бюро ходимлари жойлардаги ҳисоблагичлар назоратини ҳам амалга оширади ва тўлов жойида амалга оширилади.

Юридик шахсларнинг газ тўловлари ўзаро далолатномаларга асосан амалга оширилади.

«Кун.uz» таҳририятига берилган маълумотларга кўра, бугунги кунда Мажбурий ижро бюроси Самарқанд вилоят бошқармаси томонидан ҳам ишлар тўлиқ олиб борилмоқда. Тажрибали мутахассислар жалб этилиб, ишга қабул қилинганлар олдига қўйилган вазифа ва топшириқларни талаб даражасида бажаришга киришди.

Бугунги кунда вилоятда электр энергиясидан дебитор қарздорлик 328,4 млрд. сўмни, табиий газдан 299,9 млрд. сўмни ташкил этиб, йил бошига нисбатан дебитор қарздорлик электр энергиясидан 43,4 млрд. сўмга ва табиий газдан 8,9 млрд сўмга ошган. Ушбу қарздорликни камайтириш эса Мажбурий ижро бюроси ходимларига масъулият юклайди.

Электр энергияси бўйича қарздорларга 9,7 млрд. сўмлик 20.638 та ва табиий газ бўйича 3,7 млрд. сўмлик 11.232 та қарздорликни бартараф этиш бўйича талабномалар юборилган.

Шунингдек, вилоят бўйича энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш бўйича 168 та ҳуқуқбузарлик фош этилди.

Жумладан, Самарқанд шаҳри «Боғибаланд» маҳалласида яшовчи М.Фаттаевга тегишли ром ва эшиклар ясаш цехи кўздан кечирилганда электр ҳисоблагичсиз тармоққа тўғридан-тўғри уланиб, 21 млн. 783 минг сўмлик электр энергия ресурсларидан ноқонуний равишда фойдаланганлиги аниқланди ва  тармоқдан узиб қўйилди.

Шу каби, Оқдарё туман «Янгиравот» МФЙда яшовчи Х.Каримов электр тармоғидан ўзбошимчалик билан фойдаланиб келганлиги натижасида туман электр тармоғига 3,5 млн. сўм миқдорида зарар етказганлиги аниқланди.

Самарқанд шаҳри Орзу Маҳмудов кўчаси 18-хонадонда яшовчи фуқаро Раҳмонқул Мирсаидовга тегишли қурилиш ишлари олиб борилаётган бинода ўтказилган текширувда 1,2 кВт.лик ускуна электр ҳисоблагичсиз, тармоққа тўғридан-тўғри уланиб, электр энергиясидан ноқонуний равишда фойдаланиб келган. У ҳам электр тармоқдан узиб қуйилди. Мазкур ҳолат юзасидан тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилган ва фуқаро Р.Мирсаидов ноқонуний хатти-ҳаракати туфайли етказилган зарар 3 млн. 960 минг сўмни ташкил этди. Унга етказилган зарарни тўлаши тўғрисида огоҳлантириш хати берилди.

Самарқанд шаҳар Жамбул кўчаси 11-уйда яшовчи Нормурод Фахриддинов ўзига тегишли «Шерзод обод нур» ширкатида электр ҳисоблагичсиз, тармоққа тўғридан-тўғри уланиб, электр энергия ресурсларидан ноқонуний равишда фойдаланиб келган. Тармоқдан узиб қўйилиб, ушбу ҳолат юзасидан тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилиб, фуқародан етказилган 4 млн. 455 минг сўмлик зарарни ундириш чоралари кўрилмоқда.

Самарқанд шаҳар Спитамен шоҳкўчаси 85-хонадонда яшовчи А.Раҳмонқуловга тегишли «Гранд План» хусусий корхонасининг газ ўлчаш ҳисоблагичининг даврий қиёслов кўригидан ўтказиш муддати 79 кун ўтиб кетган. Ушбу ҳолат юзасидан тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилган. А.Раҳмонқуловнинг табиий газдан ноқонуний фойдаланиши юзасидан етказилган зарар 3 млн. 554 минг сўмни ташкил қилади ва етказилган зарарни ундирилмоқда.

Шунингдек, суд қарорлари ижросини таъминлаш юзасидан ҳам МИБ томонидан тегишли чоралар кўриб келинмоқда. Жумладан, фуқаролик ишлари бўйича Иштихон туманлараро судининг 2010 йил 12 декабрдаги қарори билан қарздор Эшқобил Қосимовдан Гулшан Қосимова фойдасига икки нафар фарзандларининг моддий таъминоти учун ҳар ойлик иш ҳақи ва бошқа даромадларининг учдан бир қисми миқдорида алимент ундириш белгиланган. Қарздорнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан четга чиқиш ҳуқуқлари вақтинча чекланган.

Қарздор иш ҳақи ва бошқа даромадлари тўғрисида бирор-бир ҳужжат тақдим этмаганлиги сабабли, алимент қарздорлиги амалда жорий этилган ўртача ойлик иш ҳақи миқдоридан ҳисобланган. Натижада, Э.Қосимовнинг ўтган даврдаги алимент қарздорлиги 23 млн. 703 минг сўмни ташкил этган.

Унинг алимент қарзини унинг мол-мулки ҳисобидан ундириш мақсадида яшаш манзили бир неча маротаба кўздан кечирилганида, ундирув қаратилиши мумкин бўлган мулклар йўқлиги, қарздорнинг ўзи эса бу манзилда яшамаётганлиги аниқланиб, бу ҳақда тегишлича далолатномалар тузилган.

Амалга оширилган ижро ҳаракатлари давомида қарздорнинг яқин қариндошлари томонидан алимент пулларининг бир қисми ундирилиб, эгасига етказилди.

Худди шу каби, фуқаролик ишлари бўйича Тайлоқ туманлараро судининг 2002 йил 23 сентябрдаги қарздор Мамараим Мўминовдан Марҳабо Сувонова фойдасига вояга етмаган икки нафар фарзанди учун алимент ундириш тўғрисидаги қарори ижроси таъминланди. Қарздорнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан четга чиқиш ҳуқуқлари вақтинча чекланган.

Қарздорнинг шу пайтгача алимент қарздорлиги 36 млн. 872 минг сўмни ташкил қилган. Амалга оширилган мажбурий ижро ҳаракатлари давомида қарздордан ушбу маблағнинг 10 млн. сўми ундириб берилган.

Мақсадимиз, у ёки бу инсонни ёмонлаш, юзига қора чаплаш эмас. Огоҳлантириш ва тўлов маданиятига амал қилишни эслатиб қўйиш, холос. Чунки, истеъмол қилинган табиий газ ва электр энергияси ҳамда суд қарори ижроси учун ўз вақтида тўловни амалга оширмаслик жаримага сабаб бўлишини ёдда тутмоғимиз бунга ҳар биримиз амал қилмоғимиз шарт.