Президент Шавкат Мирзиёев 19 июль куни Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида Ўзбекистон Бош консуллигини очиш ҳақидаги қарорни имзолади. Бу ҳақда давлат раҳбари сайтида хабар берилган.

Ҳужжатда таъкидланишича, қарор «Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва юридик шахслари ҳуқуқ ҳамда манфаатларини самарали ҳимоя қилишни таъминлаш, уларга сифатли консуллик-ҳуқуқий ёрдамни кўрсатиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг миграция оқимларини мониторинг қилиш» мақсадида қабул қилинди.

Қарорга кўра, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига Россия ТИВ ҳамда Санкт-Петербург шаҳри маъмурияти билан икки ойлик муддатда Ўзбекистон Республикасининг Санкт-Петербург шаҳридаги Бош консуллигини жойлаштириш, шунингдек, унинг фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ бошқа масалаларни ҳал қилиш вазифаси юкланди.

Маълумот учун, Ўзбекистон айни дамда Россияда иккита дипломатик ваколатхонага эга: Москвадаги элчихона ва Новосибирскдаги бош консуллик.