Жорий йилнинг 19 июль куни Халқаро пресс-клубда парламент аъзолари ва сиёсий партиялар вакиллари иштирокида навбатдаги сессия бўлиб ўтди. У Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 июль куни парламент палаталари, сиёсий партиялар, Ўзбекистон Экологик ҳаракати, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари фаолиятининг таҳлили ҳамда истиқболдаги вазифаларига бағишланган видеоселектор йиғилишидаги маърузасидан келиб чиқадиган устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган мулоқот тарзида ташкил этилди. 

Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, сиёсий партиялар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда жамият ҳаётининг барча соҳаларини янада эркинлаштириш ва ислоҳ қилиш жараёнлари изчил давом этмоқда. Қайси соҳа ёки тармоқда бўлмасин, долзарб муаммолар аҳоли билан очиқ муҳокама қилиниб, уларнинг ечими топилмоқда. 

Президентимизнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам эришилган ютуқлар билан бирга ҳокимият вакиллик органлари, сиёсий партиялар ва Экологик ҳаракатнинг ўтган даврдаги фаолияти танқидий руҳда таҳлил қилинди, ислоҳотларни янада чуқурлаштириш йўлидаги муҳим вазифалар белгилаб берилди. Шу муносабат билан Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракцияси аъзолари, сенаторлар ва сиёсий партиялар томонидан амалга оширилиши лозим бўлган бир қатор чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилмоқда ва уларни ҳаётга татбиқ этиш юзасидан саъй-ҳаракатлар бошлаб юборилган.

Мулоқотда сиёсий партияларнинг ишини сифат жиҳатидан янгилаш, уларнинг жамиятдаги обрў-эътиборини кўтариш, ҳатто давлат ва жамият бошқарувида ҳал қилувчи кучга айлантириш борасидаги қандай ташаббуслар илгари сурилаётгани, партияларнинг ёшлар ўртасида олиб бораётган ишлари, хусусан “Ёшлар қанотлари” фаолиятини тубдан такомиллаштириш, ёшларнинг ғоявий, мафкуравий эҳтиёжларини қондириш борасида сиёсий партиялар олдида турган вазифалар муҳокамалар марказида бўлди.

Шунингдек, очиқ мулоқот тарзида ўтган учрашувда сиёсий партиялар ўз электоратига берган ваъдаларни, сайловолди дастурларининг бажарилиши бўйича мониторинг олиб борилиши, депутатларни халққа яқинроқ танитишда энг мақбул ва осон йўли оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик алоқаларини кучайтириш, одамларни депутатнинг ҳаққоний сўзи ва халқпарварлигига қандай ишонтириш мумкинлиги ҳақидаги ўта муҳим масалалар ўртага ташланди. 

Яна бир муҳим жиҳати, қонун лойиҳаларининг муҳокамаси жараёнида фракциялараро баҳс-мунозараларнинг деярли ўтказилмаётганлиги, жумладан Демократик кучлар блоки билан мухолиф фракциялар ўртасидаги рақобат муҳити, улар қонунчиликда белгиланган ҳуқуқлари, жумладан мухолифатнинг муқобил қонун лойиҳаси бўйича ташаббуслар кўрсатмаётгани каби масалалар ҳам қизғин мунозараларга сабаб бўлди.

Мулоқот давомида журналистларнинг парламент, депутатлик корпуси, сиёсий партияларнинг жамият ҳаётидаги ўрни, қонун лойиҳалари муҳокамаси ва жойлардаги ижроси бўйича саволларига батафсил жавоблар қайтарилди.