2017 йилнинг 13 июль куни тахминан соат 10:00ларда номаълум шахс ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилиш мақсадида, Яккасарой туманидаги Grand-Medel МЧЖ биноси қаршисида бўла туриб, шу ерда фуқаро Акбарали Аҳмаджоновга (жабрланувчининг анкета маълумотлари ўзгартирилган) тегишли “Ласетти” русумли автомашинаси эшиклари қулфланмаган ҳолатда қолганидан фойдаланиб, унинг салон қисмидан пуллар ва Xiaomi русумли уяли телефонини ўғирлаган. Бу ҳақда Тошкент ИИББ хабар берди.

Мазкур ҳолат юзасидан, Яккасарой тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси 1-қисми (ўғирлик, яъни ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилиш) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган. 

Ички ишлар идоралари ходимлари томонидан ўтказилган тергов-тезкор тадбирлари натижасида, мазкур жиноятни муқаддам судланган Шоҳ-Аббос Шоназар ўғли Шодмон ва Муроджон Ирсимбетов содир этганликлари аниқланган. 

Шодмон Ш. ва М.Ирсимбетовларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси танланган. 

Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилиб, уларнинг бошқа жиноятларга алоқадорлиги текширилмоқда. 

Юқоридаги шахсларнинг хатти-ҳаракатларидан жабр кўрганлар бўлса, «102» телефон рақамига ёки яқин атрофдаги ички ишлар органларига мурожаат этиши мумкин.