ЮНИСЕФ Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 6 июлдаги нутқидаги соғлиқни сақлаш хизматларини янада яхшилаш борасидаги фикр-мулоҳазаларини ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигига тибий патронаж хизмати тизими тўғрисида Низом ишлаб чиқишни топширганини қутлайди, деб хабар берди Кун.uz’га ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси.

ЮНИСЕФ 2016 йилда мавжуд тиббий патронаж хизмати тизимининг асосий кучли ва заиф томонларини аниқлаб, уни янада яхшилаш бўйича қуйидаги тавсияларни ишлаб чиқди: 

•  Она ва болага йўналтирилган асосий хизматларни самарали равишда тақдим этиш учун ижтимоий жиҳатдан заиф бўлган болалар ва оилаларни ўз вақтида аниқлаш;
•  Далил ва энг яхши халқаро амалиётларга асосланиб, хизматларни стандартлаштириш; 
•  Меҳнат ресурсларини соғлиқни сақлаш хизматларидан бошқа тадбирларга жалб этмаслик.

“ЮНИСЕФ Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан қўшма дастурини амалга оширишга, хусусан, тиббий патронаж хизмат тизимини янада кучайтириш йўлидаги ҳамкорликни давом эттиришга шай эканлигини яна бир бор таъкидлайди. Ишончимиз комилки, бу тизимда амал қилаётган умумий ёндaшувнинг ўрнига универсал-мақсадли ёндaшувни қўллаш лозим. Ушбу соҳадаги самарали хизматлар Ўзбекистондаги аёллар ва болалар фаровонлигини оширишга ўз ҳиссасини қўшади”, - дейди ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Саша Грауманн. 

Патронаж хизматини кўрсатишдаги янги ёндaшув ижтимоий жиҳатдан энг заиф бўлган болалар ва аёлларга янада яхши хизмат кўрсатишни йўлга қўйишда кўмаклашиш билан чегараланиб қолмасдан, айни вақтда, бутун соғлиқни сақлаш тизимининг самарадорлигини оширишга ҳам хизмат қилади. 

ЮНИСЕФ патронаж хизмат тизимини такомиллаштириш ишида Ҳукуматга кўмаклашишга тайёр эканлигини маълум қилди ҳамда Низомни ишлаб чиқишда халқаро стандартлар ва энг илғор тажрибаларни қўллаш асосида  ўз кўмагини таклиф қилмоқда.