Ўзбекистон ҳукумати 2017 йил бошидан буён халқаро молиявий институтлар ва донор давлатлар билан жами 1,024 миллиард долларлик кредит келишувларини имзолаган. Бу ҳақда Молия вазирлиги маълум қилган.

«Ўзбекистон ҳукумати апрель-июнь ойларида лойиҳалар реализацияси учун 413,04 миллион долларлик 4та кредит келишувларини имзолаган. Лойиҳаларнинг умумий қиймати 470,24 млн долларни ташкил этади», - дея қайд этилган баёнотда.

Биринчи чоракда Ўзбекистон ҳукумати 611,47 миллион долларлик 6та кредит келишувларини имзолаганди. Шу тариқа, Ўзбекистон йил бошидан буён лойиҳаларни амалга ошириш учун жалб этган кредит маблағлари миқдори 1,024 миллиард долларни ташкил қилган. Кредитлар жалб этилган лойиҳаларнинг умумий қиймати 1,3 миллиард доллардан ортиқни ташкил этади.