Ўзбекистонда 2018 йилдан солиқ назоратининг замонавий шакли жорий этилади

Иқтисодиёт 19 Июль 2017 16843

Ўзбекистонда 2018 йил 1 январдан солиқ назоратининг замонавий шакли – солиқ мониторинги жорий этилади. Бу Президентнинг «Солиқ маъмуриятчилигини тубдан такомиллаштириш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг йиғилувчанлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида белгилаб қўйилган.

Солиқ мониторинги - солиқ органлари ва ҳалол солиқ тўловчилар ўртасида уларга жорий солиқ солиш масалаларини ҳал қилишда ҳар томонлама кўмаклашган ҳолда кенгайтирилган ахборот алмашинувини назарда тутади.

Фармонда таъкидланишича, йирик солиқ тўловчилар бўйича солиқ маъмуриятчилиги функциялари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармалари томонидан амалга оширилади.

Ҳужжатда айтилишича, вақтинчалик молиявий қийинчиликларга тўқнаш келган ҳалол солиқ тўловчилар – хўжалик юритувчи субъектларга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда солиқ таътиллари берилиши мумкин.

Фармонга кўра, ўтказилган камерал назорат натижалари бўйича аниқланган тафовутлар юзасидан солиқ тўловчилар томонидан асослар тақдим этилмаган тақдирда, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар суммаларини суд тартибида ундириш жорий этилади.

Ортиқча тўланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни қайтариш ёки ҳисобга олиш солиқ тўловчи ваколатли органларга мурожаат этган санадан бошлаб 15 иш куни ичида амалга оширилади.

Давлат солиқ хизмати органларига кирим ҳужжатларини расмийлаштирмасдан товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қиладиган хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳисобварақлари бўйича операцияларини 5 банк кунигача бўлган муддатга вақтинчалик тўхтатиб туриш ваколати берилади, дейилади ҳужжатда.

Ўзбекистон раҳбари Тошкент, Нукус шаҳарларида ва вилоят марказларида солиқ органларига ҳисоб-китоблар ҳақидаги маълумотларнинг онлайн режимида берилишини таъминлайдиган назорат-касса машиналарини қўллаш орқали нақд пул тушуми устидан автоматлаштирилган назорат тизимини жорий этиш вазифасини топширди. Республиканинг қолган ҳудудларида мазкур тизим босқичма-босқич киритилади.

Бундан ташқари, солиқ текшируви объектларини самарали танлаб олиш учун солиққа оид ҳуқуқбузарликларни содир этиш хавфларини таҳлил қилиш, шунингдек солиқ органлари томонидан юқори ликвидли маҳсулотлар ҳақиқий ишлаб чиқариш ҳажмининг доимий ҳисоби ва назоратини амалга ошириш бўйича ихтисослаштирилган автоматлаштирилган тизим жорий этилади.

Давлат солиқ хизмати органлари хўжалик юритувчи субъектлар ходимларининг ҳисоботдаги ва ҳақиқий сони мувофиқлиги устидан тизимли мониторингни амалга оширади, натижаси бўйича солиқ солинадиган базани аниқлаштиради. 

Кўпроқ янгиликлар