Президент Зулфия мукофоти соҳибасини уюшмага раис этиб тайинлади

Жамият 19 Июль 2017 19343
Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи таркибида Ёш ижодкорлар уюшмаси ташкил этилди. Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси, Ўзбекистон Жаҳон тиллари университети талабаси Меҳриноз Аббосова ушбу уюшмага раис этиб тайинланган.

Меҳриноз Аббосова ой бошида «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракатининг IV қурултойида чиқиш қилган ва шу чиқиши туфайли президент эътиборига тушганди. Аббосова Шавкат Мирзиёевнинг таклифи билан ушбу лавозимга тайинланди.

«Президентимизнинг Тошкент шаҳрининг Юнусобод мавзесида фаол ёшлар вакиллари билан учрашуви ёшларимизнинг чин маънодаги суянчи ва таянчи сифатида қайта ташкил этилган Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолият механизмини янгича қувват билан  мустаҳкамловчи тузилмалар жорий этиш бўйича амалий қадамларга асос бўлди.

Ижодкор ёшлар уюшмасининг раиси этиб Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси, Ўзбекистон Жаҳон тиллари университети талабаси Меҳриноз Аббосова раис этиб тайинланди», дейилган Namnews.uz хабарида.

Эслатиб ўтамиз, «Камолот» қурултойидан кейин президент 23 ёшли Алишер Саъдуллаевни Халқ таълими вазирига ўринбосар, 25 ёшли Олим Тўйчиевни Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар агентлиги бош директорининг ўринбосари этиб тайинлаганди.

Кўпроқ янгиликлар