Туркия ҳукумати Anadolu агентлигига АҚШнинг Суриядаги ҳарбий базалари қаерларда жойлашгани ҳақида маълумотлар тақдим этмаган. Туркия президентининг расмий вакили Иброҳим Қалиннинг маълум қилишича, агентлик бу ҳақдаги материални мустақил равишда тайёрлаган.

Бундан олдинроқ Anadolu агентлиги Американинг Суриядаги ҳарбий базаларининг жойлашуви ҳақидаги маълумотларни эълон қилганди. 

Шундан сўнг, Пентагон вакили Эрик Пэҳон Вашингтондагилар АҚШнинг Суриядаги базалари тўғрисидаги маълумотлар тарқатилиши АҚШ бошчилигидаги коалиция фаолиятига зарар келтириши мумкинлигидан ташвишда эканини билдирганди.

«Оператив хавфсизлик важлари туфайли биз Сурияда ИШИДни йўқ қилиш борасида операциялар ўтказаётган коалиция кучларининг жойлашуви ҳақидаги маълумотларни ошкор этмаймиз. Нозик ҳарбий маълумотларнинг чоп этилиши коалиция кучларини кераксиз таҳдид остига қўяди ва ИШИДни йўқ қилиш юзасидан олиб борилаётган операцияларни барбод қилиши мумкин», — деган Пэҳон.

Қайд этиш керакки, бундай маълумотлар АҚШ президенти Дональд Трамп суриялик курдларга қурол-яроғ етказиб беришни маъқуллагач, Вашингтон ва Анқара ўртасидаги муносабатлар совуқлашганидан сўнг ОАВда пайдо бўлди.

Туркия Суриядаги курдларни ўз ҳудудидаги курдлар билан иттифоқчи санайди ва уларнинг ташкилотини ўз ҳудудий яхлитлигига таҳдид сифатида баҳолаб, уларга қарши курашиб келади.