«Барселона» раҳбарияти жамоанинг асосий футболчиларидан бири Неймар «ПСЖ»га ўтиб кетиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлардан жиддий ташвишга тушган.

Sport манбаси маълумотига кўра, каталонлар клуби президенти Хосеп Мария Бартомеу бразилиялик футболчини парижликлар жамоасига ўтиб кетиш қароридан қайтариш учун у билан учрашган.

Хабарда айтилишича, «Барселона»дагилар вазиятни яхши тушуниб туришибди: «ПСЖ» Неймарга астрономик миқдордаги маблағ ва жамоа етакчиси бўлишни таклиф қилмоқда.«Барселона»да эса шароит бундай эмас. Каталонияликлар клубида асосий шахс Лионель Месси ва унинг ўрни муҳокама этилмайди.

Неймарнинг кетиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар айнан Месси туфайли пайдо бўлди. Футболчининг яқинлари у ҳозирги жамоасида Мессининг соясида қолиб кетаётганини иддао қилиб, уни бошқа жамоага ўтишга ундашган.

Бартомеунинг Неймар билан учрашуви натижалари ҳозирча маълум эмас.

Эслатиб ўтамиз, Неймарнинг кетиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар ортидан «ПСЖ» ушбу бразилиялик 25 ёшли футболчи учун унинг шартномасида кўрсатилган 222 млн еврони тўлашга тайёрлиги ҳақида хабарлар пайдо бўлди.

«Барселона» вакиллари бу футболчиси кетиши мумкинлиги ҳақидаги хабарларни бир неча марта рад этган бўлсада, бугунга келиб жамоа «Монако» ҳужумчиси Килиан Мбаппени Неймарга ўринбосар сифатида кўраётгани ҳақида хабар қилинди.

Неймар каталонияликлар жамоасида 2013 йилдан буён ўйнаб келмоқда. У ўтган вақт ичида жамоа учун 186 учрашув ўтказиб, 105 гол урган ва 80 голга узатма берган. Унинг жамоа билан амалдаги шартномаси муддати 2021 йилгача.