АҚШ Дамашқ ҳукуматига нисбатан жиддий айблов билан чиқди. Давлат департаментига кўра, Сурия расмий раҳбарияти воситачилар орқали ИШИДдан нефть харид қилмоқда. Давлат департаментининг терроризм бўйича 2016 йилга бағишланган ҳисоботда шу ҳақда сўз юритилган. 

"Сурия тузуми кенгроқ стратегия доирасида йил давомида ўзини терроризм қурбони сифатида намойиш этиб келди, барча ички қуролланган мухолифатни террорчилар  деб баҳолади. Суриядаги ИШИД бошқа мамлакатларда террорчилик амалиётлари ўтказишни режалаштирган ёки уларни амалга оширишга туртки берган. Бундан ташқари, Сурия тузуми ИШИддан нефть харид қилиб, террорчилик гуруҳига фойда келтирган", — дейилади ҳисоботда. 

Айтиш жоизки, АҚШ Сурияни 1979 йилдан бери терроризмни қўллаб-қувватловчи мамлакатлар сирасига киритган. Ҳужжатда таъкидланишича, "Асад тузуми минтақа барқарорлигига рахна солувчи турли террорчилик гуруҳларга ҳарбий ва сиёсий ёрдам беришга уриниб келади".

АҚШ ва унинг ҳамкорларининг ижтимоий тармоқлар билан ҳамкорлик қилиши самараси ўлароқ ИШИДнинг интернетдаги фаоллиги бирмунча пасайтирилди. Бунда, интернет ИШИДнинг ўз сафига янги террорчиларни жалб қилишдаги асосий манбаи бўлиб қолган. 

"Ижтимоий тармоқлар орқали жангариларни ёллаш 2016 йилнинг асосий манбаи бўлди. Қўшма Штатлар ва унинг ҳамкорлари интернетдан террорчилик мақсадларида фойдаланишга чек қўйиш мақсадида ижтимоий тармоқлар ва бошқа шахслар билан қалин ҳамкорлик қилиб келди", — дейилади Давлат департаменти ҳисоботида. 

"Олиб борилган саъй ҳаракатлар натижасида ИШИДнинг интернет орқали маълумотлар манбаи 2015 йил августидан 2016 йил августигача 75 фоизга пасайган. ИШИДнинг 2014 йилдан 2016 йил ўрталаригача Twitter орқали тарқатган баёнотлари 45 фоизга қисқарган". 

"Бу ИШИД расмий ОАВнинг ҳар ойлик ахборотлари сонини кескин пасайишига олиб келди. Бундан ташқари, 2017 йил бошида 19 та фаол ОАВга эга бўлган", — деб таъкидланади Давлат департаментининг ҳисоботида.