Энди дорихонада чек бериш имкони бўлмаса, товар чеклари китоби юритилади

Жамият 20 Июль 2017 6024
Фото: "Кун"

Президентнинг «Аҳолини дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори билан дори воситалари ва тиббиёт буюмларини харид қилиш, истеъмолчиларга товар чеки бериш жараёнлари  янада такомиллаштирилди. Бу ҳақда Кун.uz’га Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

– Айрим дорихоналарда ускуна носозлиги ёки бошқа бирор сабаб туфайли товар чеки берилмаслиги ҳолатлари қайд этилаётган эди. Бу эса дори воситаларининг чекланган нархларда сотилиши ва сифати устидан истеъмолчи назоратининг сусайишига олиб келаётганди, – дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги Дори воситалари ва тиббий техника сифатини назорат қилиш Бош бошқармаси бўлим бошлиғи Муҳаббат Ибрагимова. – Давлат раҳбарининг мазкур қарорида дори воситалари ва тиббиёт буюмларини чакана сотишда фойдаланиладиган товар чеклари китоби шаклини тасдиқлаш вазифаси белгиланди. Ушбу китоб қатъий ҳисоби юритиладиган бланк ҳисобланади ва ундан товар чекларини бериш бўйича асбоб-ускуналар мавжуд бўлмаган ёки носоз бўлган ёхуд электр энергияси вақтинча ўчирилган ҳоллардагина фойдаланилади. Ушбу бланкда ҳам товар чекида қайд этилувчи маълумотлар тўлиқ акс этади. Яъни унда:

•  Дори воситаси ёки тиббиёт буюмининг номи;
•  Идентификация маълумотлари (номи, дозаси, қадоқлаш, миқдори);
•  Уларни берувчи шахсга оид маълумотлар;
•  Бериш санаси;
•  Нархи бўлади. 

Товар чекларининг аҳамиятли томони шундаки, агар истеъмолчида тиббий препаратнинг нархи оширилганлиги хусусида шубҳа юзага келса, уни аниқлаш товар чеклари орқали амалга оширилади. Илгари фақат касса чеки берилар ва унда дори воситаларининг номи ва ҳар бирининг нархи қайд этилмасди. Эндиликда харидорнинг ўзи ҳам жамоатчилик назоратини амалга ошириши ва дори воситаларининг чекланган нархларда сотилишини назорат қилиб бориши мумкин. Бунинг учун дори воситалари ва тиббий буюмлар харид қилинганда, албатта, касса чеки билан бирга, товар чеклари ёки унинг муқобили бўлган товар чеклари китоби бланкаси тўлдириб берилишини сўранг.  

Кўпроқ янгиликлар