Халқаро автомобиль федерацияси (FIA) Формула-1 пилотлари бошининг қўшимча ҳимояси — Halo’ни мажбурий қилиб белгилаб қўйди. Бу ҳақда ташкилотнинг расмий сайтидаги хабарда маълум қилинган.

FIA’дагиларнинг қайд этишларича, қўшимча ҳимоя тизими 2018 йилги чемпионат машиналарида пайдо бўлади. Бу ҳолатда, ташкилотнинг қўшимча қилишича, Halo тизимининг конструкцияси жамоалар томонидан синаб кўрилган вариантларга нисбатан қўшимча равишда кучайтирилади.

Бошни ҳимоя қилишнинг Halo тизими 2016 йилда мавсумолди тест пойгалари мобайнида Ferrari жамоаси пилотлари Кими Райкконен ва Себастьян Феттель томонидан синаб кўрилган эди. Конструкция кокпит ёнлари ва пилотнинг олдидаги уч бириктирув нуқтасига эга ёй шакли кўринишида бўлади.

Итальян жамоасидан сўнг Halo тизимини Формула-1’нинг бошқа жамоалари ҳам синовдан ўтказган.

Шунингдек, «Қалқон» деб аталган, пилот бошини ҳимояловчи бошқа бир тизим ҳам кўриб чиқилган. У кокпит олдига ўрнатиладиган шаффоф қубба шаклида бўлган. Бу тизимни яқинда бўлиб ўтган Британия гран-присида Себастьян Феттель синаб кўрган. Пойгачининг сўзларига кўра, «қалқон»ли машина билан трассада юриб кўргач, унинг бошлари айланган.