HMD Global компанияси ўз раҳбариятини ўзгартирди. Арто Нуммела HMD Global компаниясининг бош ижрочи директори лавозимини тарк этмоқда. Компания директорлар кенгашининг умумий розилиги олингач, у истеъфога чиққан. Арто Нуммела компания эндигина шакллана бошлаган 2016 йилда фирмани бошқарди. Унинг раҳбарлигида Nokia 6, 5 ва 3 смартфонлари, шунингдек, янги Nokia 3310 ва бир нечта бошқа тугмачали телефонлар ишлаб чиқарилди. 

Арто Nokia компаниясида катта тажрибага эга эди. У бу ерда 1994 йилда фаолиятини бошлаб, маҳсулотлар яратиш, бизнесни бошқариш, савдо ва маркетинг ишлари билан шуғулланган. У Microsoft Devices компаниясининг Осиё, Африка ва Яқин Шарқдаги шўъбаларини бошқарган. 

HMD Global компанияси бош ижрочи директори сифатида Флориан Зайхе таништирилди. У бунгача компания президенти лавозимини эгаллаб келган эди. 

Флориан Зайхе Nokia жамоасига 2013 йилда келиб қўшилган. У компаниянинг Европадаги бўлимида савдо ва бошқарув бош менежери сифатида иш бошлаган. Флориан Зайхе бундан аввал HTC компаниясининг Европа, Яқин Шарқ ва Африкадаги 
Савдолар бўйича президенти лавозимини эгаллаган. 

HMD Global компанияси Nokia смартфонлари ва телефонларини ишлаб чиқаради.