2016 йил ноябрь ойида президентимиз Шавкат Мирзиёев Андижон вилояти сайловчилари билан ўтказилган учрашувда Хўжаобод туманида мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш, қуритиш, музлатиш ва сотишга ихтисослашган йирик логистика комплексини ташкил этиш бўйича топшириқ берган эди.

Бугун қисқа муддатларда қуриб битказилган мазкур кўп тармоқли ишлаб чиқариш мажмуасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Ушбу лойиҳанинг ишга тушиши билан йилига 1 млн. АҚШ доллари қийматидаги 7 минг тонна мева-сабзавот ва дуккакли экин маҳсулотларнии қайта ишлаш имконияти яратилди.

“Тошкентвино комбинати” АЖ ҳамда “Навигул” қўшма корхонаси томонидан вилоятда етиштирилаётган мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишловчи корхонанинг ишга тушиши эвазига ҳудуддаги 1 минг 200 нафардан ортиқ киши иш билан таъминланди.

Ушбу логистика марказида 6 гектар майдонга замонавий технологиялар билан ишлайдиган иссиқхона, 255 гектар майдонда эса интенсив усулда янги мевали боғлар ташкил қилиниб, яна 589 гектар майдонда сабзавот экинларини экиш имконияти яратилди.

Логистика марказига қишлоқ хўжалиги ишларини амалга ошириш 9 та юқори унумли техникалар, касаллик ва зараркунандаларга қарши курашувчи 12 та пуркагичла ва бошқа турдаги қишлоқ хўжалиги техникалари келтирилган. 

Тез фурсатларда замонавий технологиялар билан жиҳозланган марказда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” белгиси остида дунё бозорларини тўлдиради. Мазкур марказда шу ернинг ўзида етиштирилган маҳсулотлар қайта ишланиб, масканнинг ўзидан ташқи истеъмол бозорига сотишга чиқарилади.

Очилиш маросимида вилоятнинг барча туманлари ҳокимлари, агрофирмалар ва боғбонлар иштирок этишди. Тадбирда сўз олган вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов барчани марказнинг очилиши билан қутлади.

- Ўзбекистонда жаҳон стандартлари даражасида мевани қайта ишловчи корхона бунёд этилиши, ташқи бозор учун кенг имкониятлар эшигини очиб беради,- дейди Россия давлатидан ташриф буюрган тадбиркор, “Агро - Лайн” директорлар кенгаши раиси Виктор Игнатьев. 

Kun.uz мухбири Элмурод Эрматов, Андижон