Озарбойжонда журналистларга текин квартира тарқатилгани ижтимоий тармоқларда шов-шувли мунозара келтириб чиқарди, деб ёзади Jam-news.net

20 июль куни, миллий матбуот кунига икки кун қолганида Озарбойжон президенти иккинчи «журналистлар уйи»нинг очилишида иштирок этди. Ҳукумат томонидан совға қилинган квартираларнинг соҳиби бўлган 133 нафар журналист рўйхати эълон қилинди.

«Ҳозир биз иккинчи бинонинг очилишини нишонлаймиз. Биринчи бинода 156 та квартира мавжуд эди. Иккинчисида 255 та квартира бор. Бир вақтнинг ўзида, бугун учинчи бинонинг пойдеворига тош қўйиш маросимини ҳам ўтказамиз. Учинчи бинода ҳам 255 та квартира бўлади», — деган президент Илҳом Алиев очилиш маросимида.

Журналистлар орасида анча таниқли ва ҳурматли журналистлар ҳам, шунингдек номлари нафақат ўқувчиларга, ҳаттоки ҳамкасбларига ҳам таниш бўлмаганлари ҳам бор. Квартиралар илгари вафот этган бир неча журналистларнинг оилаларига ҳам топширилган.