Кўприк устидаги автоҳалокат: Бир оилани сарсон қилаётган кўргулик

Жамият 20 Июль 2017 17107

Таҳририятга муштипар рафиқалардан бири эри ва ўз оиласи бошига тушган ташвишдан ёзғириб, мактуб йўллаган. Унинг оиласи бошига тушган ташвиш сабабчиси аниқ бўлса-да, мутасадди органлар унинг қонуний ҳақини ундириб бериш ишини 7 ойдан буён пайсалга солиб келишмоқда.

Қуйида Ўғилой Абдухолиқованинг бизга йўллаган мактубини жузъий таҳрирларсиз эълон қилмоқдамиз. Ўйлаймизки, мутасадди ҳуқуқ тартиботи органлари муаммолар қуршовида қолган оилага ўз қонуний ҳақини ундириб беришда инсоф билан ёндашишади.

«Ассалом алайкум, ҳурматли сайт ижодкорлари!

Мен сизларга даҳшатли йўл транспорт ҳодисаси оқибатида оилам қийин шароитда қолганини сўзлаб бермоқчиман. 

2016 йил 13 декабрь куни эрталабки соат 7–8 орасида турмуш ўртоғим Баҳодир Дадажонов билан давлат рақами 10 C711АА, «Нексия-2 DOHC» русумли автомашинамизда Тошкент шаҳрига, божасининг уйига муҳим иш билан кетаётган эдик. 

Эрим йўл-йўлакай мени Қуйи Чирчиқ транспорт ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежига ишга ташлаб ўтди. Сўнг ўзи йўлида давом этиб, Қуйи Чирчиқ туманининг Янгийўл тумани билан боғлаб турувчи кўприк устига яқинлашганда кўприк усти қуюқ туманлигини кўрган, тезликни пасайтирган ва кўприк устига келган пайтида туман орасидан юқори тезликда «Нексия» автомобили қарама-қарши йўлига чиқиб кетган, турмуш ўртоғим кўприк торлиги сабабли машинасини олиб қоча олмаган. 

Шундан сўнг, Янгийўл тумани вакилига қарашли «Нексия» автомашинаси эгаси ўз транспортини бошқара олмай, юқори тезликда келиб, эрим бошқараётган машинани уриб юборган. 

Воқеадан сўнг бошқа транспорт воситалари эгалари тўхтаб, турмуш ўртоғимни эшиклари очилмай қолган машинасининг ойнасидан тортиб олишган ва биринчи тиббий ёрдам кўрсатишган. Йўл тирбанд бўлиб кетганлиги сабабли одамлар ЙПХ ходимларини кутмасдан, қарши йўлдан келган ва ЙТҲга сабаб бўлган автомашинани йўлнинг нариги томонига суриб қўйишган, эримни эса йўловчи транспорт воситасида Янгийўл шаҳрига қарашли тиббиёт марказига олиб боришган.

Тез тиббий ёрдам бўлимида турмуш ўртоғимнинг чап қўл тирсаги ёпиқ синиши, ўнг томон 5 та қовурғаларини ёпиқ синиши ва ўпкаси яллиғланганлиги аниқланди сўнгра, кўнгли айниб, қон қусганлиги сабабли реанимация бўлимига зудлик билан олиб ўтилади. Шифохонада 5 кун ётди, шу орада қарши чиқиб урган автомошина эгалари ва тергов ходимлари умуман бизнинг ҳолимиздан хабар олишмади. 

Шундан сўнг мен 17 декабрь куни Янгийўл шаҳар ЙПХ ходимига учрашганимда, «ишингиз терговга ўтган», деб маълум қилди ва мен кўрилаётган ишимизни билиш учун Янгийўл шахар ИИБга бориб, 13 декабрь куни содир бўлган ЙТҲ ишини ким олиб бораётганлигини сўрадим ва менга терговчи Акмал Норматов эканлигини айтишди.

Мен А.Норматов билан боғландим ва у менга «суд экспертиза ва авто экспертиза жавоби чиққандан сўнг ким айбдорлиги аниқланади», деди. 4 январь куни экспертиза жавоблари чиқмасдан автомашинамизни жарима майдонидан олиб чиқиш учун рухсатнома берди. Мен автомошинамизни олиб чиқиб кетиш учун жарима майдони олдига борганимда эримни йўлидан қарши чиққан машина эгаси ўз мошинасини жарима майдонидан чиқармасдан сотиб юборди. Мен автомошинамизни 200.000 минг сўм жарима майдонига ва 130.000 минг сўмга эвакуаторга тўлаб олиб чиқдим. 

Ҳаммасидан ҳам ачинарлиси — турмуш ўртоғим автомашинасини бир умр пешона тери билан тўплаган пулига олган, етмаганиганига қарз-ҳавола қилган эди, машина қарзини ҳанузгача узганимиз йўқ. Оила боқувчимиз — турмуш ўртоғимнинг соғлиғига жиддий шикаст етди ва 29 декабрь куни Оққўрғон туман шифохонаси жарроҳлик бўлимида чап қўл тирсагининг суяги майдаланиб кетганлигидан 4 соатлик жарроҳлик операциясини бошдан ўтказди. 

Эрим билан содир бўлган ЙТҲ 2017 йил 3 март куни жиноий ишлар бўйича Тошкент вилояти Янгийўл туман суди биносида очиқ суд мажлисида кўриб чиқилди. Суд ҳукми Рихсибаев Азиз Аҳмаджон ўғлини Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 1-қисми билан айбдор, деб топди. Унинг ҳисобидан автомашинага етказилган 14.869.562 сўм ҳамда хўжайиним соғлиғига етказилган 1.962.200 сўм — жами 16.831.762 сўм моддий зарар ундирилиши айтилди.

Шундан «Кафолат» суғурта компанияси орқали 4.679.546 сўм пластик картага тушириб берилди. Қолган моддий ва маънавий зарарни ундирилиши бўйича Гулбаҳор суд ижрочилар бўлимига мурожаат қилдим ва у ерда Иззат Кураматовни шу иш билан шуғулланаётганини маълум қилишди.

Мен жуда кўп маротаба илтимос билан мурожаат қилдим, унга ва унинг Улуғбек исмли ёрдамчисига барча муаммомни тушунтириб бердим. Уларга қўнғироқ қилиб вазиятни билмоқчи бўлсам «Ишда эмасдим, ёрдамчимга қўнғироқ қилинг», ёрдамчиси эса «Бошқа жойда эдим, бошлиққа қилинг», деб гўшакни ўчириб қўйишарди. 

2017 йил 25 май куни Янгийўл туман судига ариза билан мурожаат қилдим. У ерда менга «Аризангизни ўрганиб, сизга қўнғироқ қиламиз», дейишди. Ҳеч қандай натижа бўлмади. 2017 йил 31 май куни Ўзбекистон Республикаси Бош прократурасига қўнғироқ қилиб вазиятни тушунтирдим. Шу вақт оралиғида икки маротаба қўнғироқ қилиб жавобини олмоқчи бўлдим. Улар «сизга ёзма равишда жавоб келади», дейишди.

2017 йил 4 июль куни яна қўнғироқ қилдим. Улар ҳеч қандай натижага эришмаганимни билишиб, мурожаатимни қайтадан ёзиб олишди. 2017 йил 12 июль куни Президент виртуал қабулхонаси (портал)га мурожаат қилдим. Ҳозирча бор умидим шундан. Оилам ва вояга етмаган 2 нафар фарзандим (тўнғич ўғлим 2014 йил ва кичик ўғлим 2015 йил) боқувчиси ўрта тан жароҳати (чап қўлида ҳалигача махсус симлар бор) олганлиги сабабли оғир юмуш қила олмай қолди. 

Эрим етти ойдан бери ишсиз, уйда болаларимизга қараб ўтирибди, болаларимни боғчага ҳам беришга шароитим йўқ. Энг ачинарлиси автомашинамизни 2010 йилда (10 минг АҚШ долларига) қарз-ҳавола қилиб олган эдик, ҳозир ҳар куни одамлар уйимизга қарзни ҳоли-жонимизга қўймай сўраб келишяпти. «Пластик картага туширилган пулни олинг», десак, «мен сизларга долларда берганманми, шу пулда қайтарасиз», деб пластик картани отиб юборишди, пластик картани нақдлаштириш эса жуда қийин.

Ҳозирги кунда декрет таътилида бўлсам хам ишлашга мажбурман, ваҳоланки, ишлаб топган пулим озиқ-овқат ва газ-светдан ортмаяпти. Қай эшикка бормай, пул топа олмаяпман жуда қийин вазиятдаман. Оиламиз бошига тушган кўргуликда айбдор инсондан суд орқали белгиланган пулни ундиришда ёрдам берингизлар.

Ўғилой Абдухолиқова,
Қуйи Чирчиқ тумани, Пахтачи ҚФЙ, "Жамбирчи" маҳалласи».

Кун янгиликлари
«Qorako'l Ziyo-Nur» ўқув маркази ўқувчиларининг 92,6 % талабалар сафига қабул қилинди
08:17 / 21.08.2017 20624 Lifestyle
Ногиронлик ва мазлумлик исканжасида: бир аёл яхшилар саховатидан умидвор 
15:55 / 18.08.2017 49600 Жамият
Келажак мевалари: фарғоналик бемор онанинг икки нафар норасида фарзандига ёрдам қўлини чўзайлик
23:59 / 21.08.2017 3081 Жамият
Барселоналик террорчини йўқ қилишда синчков аёл ёрдам берди
23:57 / 21.08.2017 1714 Жаҳон
Шимолий Кореяга қочиб кетган охирги америкалик ҳарбий вафот этди
23:34 / 21.08.2017 3495 Жаҳон
Хитой хорижий инвестицияларга чеклов жорий қилди
23:08 / 21.08.2017 2052 Жаҳон
Дайжест: Самарқандда ҳокимлар алмашинуви, гўшт импорти учун имтиёз, Асакадаги заводда танаффус ва куннинг бошқа хабарлари
22:59 / 21.08.2017 3145 Жаҳон
Қозоғистонда ўзбек автомобиллари ишлаб чиқарилиши кенгайтирилиши мумкин
22:48 / 21.08.2017 3290 Технология
Лотин алифбосидан кимлар қўрқади?
22:45 / 21.08.2017 4792 Жамият
Президент 2017 йилда ғўза дефолиациясини ўз вақтида ва самарали ўтказишга доир қарорни имзолади
22:37 / 21.08.2017 4390 Ўзбекистон
Кўпроқ янгиликлар