Германиянинг Lufthansa авиакомпаниясининг Ироқдаги Эрбил шаҳрига йўл олаётган самолёти Анқара аэропортига фавқулодда қўнишга мажбур бўлди. Бу Ироқда ҳаддан ташқари жазирама об-ҳаво ҳукм сураётгани сабаб рўй берган, деб хабар бермоқда Hessenschau портали.

Ҳодиса сешанба, 18 июль куни юз берган. Бортида 118 йўловчи бўлган Airbus A320 лайнери Ироққа Франкфурт Майндан парвоз қилган. Эрбилда ҳаво ҳарорати самолёт қўниши керак бўлган пайтда 45 даражани ташкил этиши маълум бўлгач, учувчилар парвозни вақтинчалик тўхтатишга қарор қилишди.

Лайнер Туркия пойтахтидаги аэропортга қўнди, у ерда унга қўшимча ёқилғи қуйилган. Шундан сўнг самолёт Франкфуртга учиб кетди. Немис авиакомпанияси йўловчилари Эрбилга эртаси куни етказилди.

Lufthansa хавфсизлик нормаларига кўра, лайнернинг парвози учун белгиланган ҳаво ҳарорати 44 даражадан ошмаслиги керак. Ҳаддан ташқари иссиқда самолётнинг парвоз қилиш кучи камаяди, бу транспорт воситаси ва унинг йўловчиларига таҳдид уйғотади.