Наманган вилоятида Республика идоралари раҳбарлари ва масъул ходимлар халқ билан мулоқот ўтказмоқда. Уларнинг дастури «Адолатли жамият қуриш ҳамда фуқароларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш йўлида коррупцияга қарши кураш муаммолари»га қаратилган. Бу ҳақда Кун.uz’га Наманган шаҳар ҳокимлигининг Ахборот хизмати хабар бермоқда.

Халқ билан учрашувларда Бош прокурор И.Абдуллаев, бошқарма бошлиқлари – Ш.Мустафоев, М.Бобоевлар Чуст ва Норин туманларида бўлишди. Олий суд раиси К.Комилов, судьялар – Х.Эгамбердиев, М.Эргашевлар эса Поп туманининг учта ҳудудида аҳолини қабул қилди. Чодакдаги конметаллургия коллежи, Ғурумсарой қишлоқ хўжалиги коллежи, Найман аҳоли дам олиш маркази аҳоли билан гавжум бўлди. Ички ишлар вазири А.Азизовнинг соҳавий тизим раҳбарлари Косонсой ва Янгиқўрғон туманларида бўлишди.

Адлия вазири М.Икрамов, шунингдек, вазирлик бошқармаси бошлиғининг ўринбосарлари Н.Муҳаммадиев, А.Мадаминов, вилоят адлия бошқармаси бошлиғи С.Нуриевлар эса Уйчи ҳамда Учқўрғон туманларида сайёр қабуллар ўтказишди.

Наманган шаҳри ҳамда Наманган тумани тадбиркорларининг вакиллари вилоят божхона бошқармаси биносига йиғилишди. Бу ерда Давлат божхона қўмитаси раиси М.Тоҳирий, қўмита бошқарма бошлиғи Б.Шарипов, шунингдек, вилоят бошқармаси бошлиғи О.Ҳожиматов, бошқарма бўлим бошлиқлари ҳамда мутахассислари кўплаб саволларга жавоб қайтаришди. Бу каби учрашувлар Поп ва Чуст туманларида ҳам бўлиб ўтди.

Республика Давлат солиқ қўмитаси раиси Б.Парпиев, қўмитанинг бошқарма бошлиқлари М.Маҳкамов, Т.Тоштемиров, шунингдек, вилоят бошқармасининг тегишли мутахассислари фуқароларни қийнаб келаётган мурожаатларни эшитиб, улар томонидан йўлланган саволларга тўлақонли жавоб қайтаришди. Наманган шаҳри, Учқўрғон, Тўрақўрғон, Поп ва Чуст туманларидаги учрашувлар таассуротларга бой бўлди.