Машҳур рассом Сальвадор Далининг жасади бугун, пайшанба куни эксгумация (мурдани суд-медицина экспертизаси учун кавлаб олиш) қилинади. Испания суди рассомнинг жасад қолдиқларини оталикка тест ўтказиш учун кавлаб олиш ҳақида қарор чиқарган. Далининг қизи сифатида ҳисобланиш, шунингдек, унинг меросига фолбин аёл Пилар Абель даъвогарлик қилмоқда. Унинг иддао этишича, онаси Антониа Мартинез де Аро рассом билан 1955 йилда бирга бўлган.

Пилар Абель Мартинес 1956 йилнинг 1 февраль куни Каталониядаги Фигерас шаҳрида туғилган. Унинг онасида рассом билан гўёки Порт-Лигат шаҳрида махфий ишқий алоқа бўлган. 1955 йилда онаси Кастельон-де-Ампуриасга кўчиб кетиб, бу ерда турмушга чиққан ва орадан кўп ўтмай қиз фарзандни дунёга келтирган. Пиларнинг сўзларига кўра, у Далининг никоҳсиз туғилган фарзанди эканини илк бора ўгай отасининг онаси - бувисидан эшитган. 

59 ёшли аёл 2015 йилнинг мартида судга ариза юборган. 2017 йилнинг июнида суд ушбу фолбин аёлнинг даъвоси қаноатлантирди. Агарда экспертиза буюк рассом унинг отаси эканини исботласа, Пиларнинг унинг фамилияси ва муаллифлик ҳуқуқларига даъвогарлик қила олади. 

Дали 1989 йилда вафот этган. Рассом дафн этилган Фигерас шаҳри раҳбарияти эксгумацияни ортга суришга ҳаракат қилди, бироқ бунинг уддасидан чиқа олмади.

Рассом дафн этилган Фигарес шаҳридаги музейда жасад қолдиқларини кавлаб олиш ишлари Тошкент вақти билан соат 23:00да бошланади ҳамда жума куни эрталабки вақтларга қадар якунланиши лозим. 

ДНК таҳлили натижасида қачон маълум бўлиши номаълум. Агарда фолбин аёл ва Далининг ДНКлари бир-бирига мос тушса, аёл 300 миллион евролик маблағлар эгасига айланиши мумкин.