«Реал» янги футболчиси Дани Себальосни ўз футболчиси сифатида расман таништирди. 20 ёшли бу испаниялик футболчи болалигидан Мадрид клуби сафида ўйнашни орзу қилганини айтиб ўтди.

«Реал» президенти Флорентино Пересга менга ишонч билдиргани учун миннатдорчилик билдирмоқчиман. Менга шундай таклиф берилдики, уни рад этишнинг иложи йўқ эди. Ахир мен болалигимдан буён бу клубда ўйнашни орзу қилганман. Мен бу жамоа футболкасини кийиб юриш шарафини оқлаш учун келдим, клуб тарихини янада буюк қилиш учун ўз ҳиссамни қўшмоқчиман», дея футболчининг сўзларини келтирган «Реал» расмий сайти.

Себальос 2014 йилдан буён «Бетис» сафида ўйнаб келаётганди. У ўтган вақт давомида бу жамоа сафида барча турнирлар доирасида 98 учрашув ўтказиб, 7 гол урган. У 30 июнь куни якунланган Европа чемпионатида Испания терма жамоаси билан финалгача етиб борди ва унинг ўзи турнирнинг энг яхши футболчиси сифатида тақдирланди.

Қайд этиш керакки, Себальос учун рақобатда«Реал» «Барселона» ва «Ювентус» жамоаларини ортда қолдирди.

Андалусияликлар Себальос учун 15 миллион евро миқдоридаги бадал пули белгилаганди, аммо «Реал» ишни тезроқ ҳал қилиш учун кўпроқ таклиф берган бўлиши ҳам мумкин. 

Бу футболчи мадридликлар сафида Тони Кроос билан рақобат қилишига тўғри келади. Ушбу футболчиларнинг майдондаги амплуаси ҳам, ўйин услуби ҳам деярли бир хил.