АҚШ президенти Дональд Трамп МРБнинг Сурияда мухолифатни қурол-яроғ билан таъминлаш ва ҳарбий тайёргарликдан ўтказишда ёрдам кўрсатиш бўйича дастурини ёпди, деб ёзмоқда The Washington Post манбаларга асосан.

Таъкидланишича, бу дастур 2013 йилдан бери амал қилган ва АҚШ собиқ раҳбари Барак Обама маъмурияти томонидан Суриянинг амалдаги раҳбари Башар Асадга босим кўрсатиш мақсадида ташкил этилган. Шу билан бирга, Россия 2015 йилда Сурияга қўшинларини юборганидан сўнг, бу дастурнинг самарадорлиги сўроқ остида қолди.

Манбаларнинг сўзларига кўра, Трамп Сурия мухолифатига ёрдамни тўхтатиш ҳақидаги қарорга МРБ раҳбари Майк Помпео ва ўзининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси генерал Герберт Макмастер билан учрашувдан сўнг келган. Бу Россия раҳбари Владимир Путин билан илк бора кўришишидан аввал юз берган.

Нашрнинг таъкидлашича, Трамп шу орқали Москва билан Суриядаги сулҳ ҳақида келишувга эришиш ниятида. АҚШ маъмуриятининг номи ошкор этилмаган вакилларидан бирининг таъкидлашича, дастурнинг ёпилиши «Сурияда Путин ғалаба қозонганини билдиради».