Президент Шавкат Мирзиёев «Аҳолини дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорни имзолади. Ҳужжатда аҳолини зарур дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш жараёнига салбий таъсир кўрсатувчи бир қатор масалаларга ечим кўрсатилган, деб хабар берди Кун.uz’га Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати.

Хусусан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан қонун ҳужжатлари бузилиши, шунингдек, дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг нархини шакллантириш тартиби қўпол бузилганлиги оқибатида лицензияси тугатилган дорихоналар манзиллари ва унга алоқадор ходимларнинг барча учун очиқ бўлган ягона реестрини шакллантириш белгиланди. 

– Юридик шахслар томонидан дори-дармон воситалари ва тиббий буюмларга нарх белгилаш тартиби қўпол равишда бузилса, уларнинг лицензияси бекор қилинади ва 3 йил давомида мазкур дорихона мудири номига лицензия расмийлаштирилмайди. Нархни белгилаш тартибини бузиш деганда дори воситаларини қатъий белгиланган нархлардан юқори нархда сотиш ва белгиланганидан ортиқ савдо устамаларини (15/20 фоиз) қўйиш тушунилади, – дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги Дори воситалари ва тиббий техника сифатини назорат қилиш Бош бошқармаси бўлим бошлиғи Муҳаббат Ибрагимова. — Шунингдек, эндиликда тартиб-қоидани қўпол равишда бузган фармацевт ходимлар ҳам ягона реестрга киритилади ва улар ҳам 3 йил давомида дорихоналарда фармацевт ходим сифатида фаолият юритиш ҳуқуқидан маҳрум этилади. Ушбу реестр барча учун очиқ бўлгани боис, дорихона мудирлари ишга қабул қилишдан олдин бўлажак ходим мазкур рўйхатда бор ёки йўқлигини текшириб кўришлари тавсия қилинади.

Ушбу реестрни шакллантириш вазифаси Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан бир ой муддатда амалга оширилиши белгиланган.  

Дори-дармон таъминотини яхшилаш йўлидаги саъй-ҳаракатларни амалга оширишга, сифатли дори воситаларини аҳолига арзон нархларда етказиб беришга тўсқинлик қилаётган ҳар бир ҳуқуқбузарга чора кўрилиши адолатдандир. Зеро, инсон саломатлиги, халқ розилиги ҳамма нарсадан устун.