АҚШ мудофаа вазири Жеймс Мэттис 2016 молия йилида Америка ҳарбий операцияларини қўллаб-қувватлаганлик учун Покистонга бериладиган компенсацияларнинг деярли ярмисини ушлаб қолишга қарор қилди.

Бунга сабаб қилиб, бу мамлакатнинг «Ҳаққоний тармоғи» террорчилик ташкилотига қарши курашда етарли даражада саъй-ҳаракат қилмаганини кўрсатилмоқда. Бу ҳақда Пентагоннинг расмий вакили Адам Стампнинг баёнотида айтиб ўтилган.

Ҳужжатда аниқлаштирилишича, Пентагоннинг қўшимча ҳарбий ёрдамидан иборат тўлов айтиб ўтилган даврда 900 млн. АҚШ долларни ташкил этиши керак бўлган ва унинг 500 млн.и Исломободга ўтказиб ҳам берилган. Бироқ «вазирнинг қарорига кўра, 2016 молия йилида Покистонга қушимча коалицион мадад фонди ажратилмайди», дейилади баёнотда.

2016 молия йили АҚШда ўтган йилнинг 30 сентябрида якунланган.