Андижон вилоятининг Булоқбоши туманида умумий қиймати 203,9 млн АҚШ доллари бўлган, қуввати йилига 1,2 млн тонна портландцементни ташкил этувчи цемент заводи қурилади. Бу Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 20 июлдаги қарорида белгилаб қўйилган.
 
Заводни қуриш ишларида «Zhejiang Shangfeng Building Materials Co. Ltd» (Хитой), «Tunli» (Хитой), «Juydam Ta'mir Qurilish» МЧЖ (Ўзбекистон) каби компаниялар иштирок этади. Уларнинг негизида «Shangfeng-Bridge of Friendship» қўшма корхонаси ташкил этилди.
 
Инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида «Shangfeng-Bridge of Friendship» МЧЖ ҚКга қатор имтиёзлар ва преференциялар берилади.
 
Шунингдек, Ўзбекистон автомобиль йўллари бўйича Давлат қўмитаси, Уй жой-коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, «Ўзбекэнерго» АЖ, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ҳамда «Ўзтрансгаз» АЖга ушбу лойиҳани ўз вақтида амалга ошириш учун кўмак кўрсатиш вазифаси топширилди.
 
Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Бош вазири биринчи ўринбосари -«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ бошқарув раиси А. Раматов ҳамда Андижон вилояти ҳокими Ш.Абдураҳмонов зиммасига юкланди.