Қўшни қишлоқлик Уйғундан (исм-фамилиялар ўзгартирилган) совчилар келишганда Комила қувончдан энтикиб қўйди. Ота-онаси, опа-акалари толеи баланд қизга бахт тилашди, ўқимишли, олий маълумотли куёв насиб этганинга шукроналар айтишди, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

Тўй маросимлари кўз очиб юмгунча ўтиб кетди. Ҳаёт ташвишлари бошланди. Комила аввалига янги оилага кўниколмаяпман, деган хаёлда Уйғун билан ўрталарида бўладиган жанжалларни уйидагиларга билдирмади, чидаб юраверди. Бироқ Уйғун ота бўлгандан сўнг ҳам қўлини тиймади.

Комила кунора турли сабабларни баҳона қилиб, уруш-жанжал қилаётган эридан аста-секин беза бошлади. Охири ота ҳовлисига бориб, қайтиб келмади. Уйғун қайнона-қайнотасининг олдига бориб, улардан кечирим сўради. Бошқа бу ҳол такрорланмаслигига ваъда бериб, хотинини олиб келди.

2016 йил октябрь ойи бошида эр-хотин ўртасида бўлиб ўтган жанжалда ҳар галгидек Уйғун турмуш ўртоғи Комилани уриб, таҳқирлади.

“Йўқ, бардошим тугади. Ажралай десам, болам тирик етим бўлиб қолади... Нима қилсам экан?.. Балки...”

Комилани бу ўйлар чалғита бошлади. Унга “Аёл бўлиб нима кўрдинг, бу дунёда? Яшаб нима ҳам қиласан? Бир қизалоғинг бўлса, сенсиз ҳам...”, деган хаёллар тинчлик бермасди. Афсуски, у виждонига қарши борди, ўзини тўхтата олмади. Чунки, айни дамда Уйғуннинг тарсаки-ю тепкилари зарбининг оғриқлари нафақат баданида, балки юрагида ҳам ўчмас жароҳатлар қолдирган эди.

Ўз жонига қасд қилган аёл воқеаси ҳаммани ҳушёр торттирди.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан айбдор деб топилган Уйғун Ҳакимов 6 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.