Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида “Давлат хизмати тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси концепцияси муҳокамасига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири А.Абдуҳакимов ўз тақдимотида қонун лойиҳаси хорижнинг илғор тажрибаси инобатга олиниб тайёрланаётгани, шу билан бирга, унга бир қатор қўшимчалар акс эттирилиши режалаштирилаётганини таъкидлади. Қайд этиш лозимки, ишлаб чиқилаётган қонунда меритократия тушунчаси – ижтимоий келиб чиқиши ва молиявий даражасидан қатъи назар энг қобилиятли кишиларнинг раҳбарлик лавозимларини эгаллашларига асосланган бошқариш принципи жорий этилади.

Жаҳон тажрибаси ва МДҲ мамлакатлари, Сингапур, Япония, Корея, Европа тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, яхлитлигича давлат аппаратининг асосий принциплари, шаклланиш ва фаолият юритиш механизмлари янада яққолроқ акс этган “Давлат хизмати тўғрисида”ги Қонун давлат бошқарувининг асосий ҳужжатларидан бири саналади.

Қонун лойиҳаси давлат хизматчиларининг ҳуқуқий мақоми, ташкилотнинг асосий принциплари ва давлат хизмати тизимининг фаолиятини тартибга солиш, давлат хизматчилари кадрлари таркибини шакллантириш, танлов асосида ёллаш, ўтказиш, фаолиятни баҳолаш, хизматдан бўшатиш масалалари, давлат хизматчиларининг ижтимоий ва пенсия таъминотини ҳисобга олган ҳолда, ҳалол ва фидокорона хизматни моддий ва номоддий шаклда рағбатлантириш механизмлари, шунингдек, хизмат этикаси ва коррупцияга қарши кураш масалаларини ҳам тартибга солишни кўзда тутади.

Мазкур қонун лойиҳасини ишлаб чиқишнинг долзарблиги у 11 та вазирлик, 7 та давлат қўмитаси, 6 та агентлик, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги 3 та қўмита, 6 та Марказ, 7 та давлат инспекцияси, шунингдек, жойлардаги давлат ҳокимияти органлари хизматчиларига бевосита дахлдорлиги билан эътирофга сазовор.

Учрашувда иштирок этган экспертларнинг таъкидлашича, қонун концепцияси моҳияти ва мазмуни мамлакатни истиқболда ривожлантириш йўлида турган долзарб масалаларга жавоб беради ҳамда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятини янада такомиллаштиришга сезиларли ҳисса қўшиши мумкин. Амалга оширилаётган ўзгаришлар асносида мазкур қонун қабул қилинадиган бўлса, у давлат ва жамият муносабатларидаги тузилмавий ўзгаришлар катализаторига айланиши мумкин.

Давра суҳбати ишида иштирокчилар томонидан қонун лойиҳасида давлат хизматчилари фаолиятининг натижасини улар томонидан кўрсатилаётган давлат хизмати билан боғловчи самарадорликнинг асосий кўрсаткичларини (KPI) ўзида акс эттирувчи мезонни киритиш зарурлиги қайд этилди.