Халқаро Пресс-клубда бўлиб ўтган сессия “Сиёсий партиялар: таҳлил, ташаббускорлик ва ижтимоий масъулият” мавзусида бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистондаги сиёсий партиялар, парламент фракциялари фаолиятини жонлантириш масалаларида экспертлар томонидан ҳам фикрлар билдирди.

Хусусан, сиёсат фанлари номзоди, доцент Нигора Умарова сиёсий партияларнинг фаоллигини ошириш, миллий ғоя, партиялар фаолиятида инновацияларни қўллашга доир хорижий давлатлар тажрибалари билан ўртоқлашди.

“Сиёсий партиялар ҳақида сўз кетганида уларнинг биринчи белгиси ҳокимият учун курашади. Бу дегани, Ўзбекистонда 4 та сиёсий партиянинг бўлиши давлатни ривожлантиришнинг 4 та муқобил дастури бор дегани. Менинг партиям кўп овоз олиб, сайловда ютиб чиқса, мамлакатни ҳозиргидан кўра яхшироқ ривожлантиради, деган даъват билан чиқишлари керак. Шу нуқтаиназардан партияларнинг ўз заифликларини тан олиши, ресурсларим йўқ дейиши, нотўғри. Бу биринчиси. 

Иккинчидан, ресурслар масаласи. Партиялар қонун чиқара оладими? Депутатлари орқали чиқара олади. Ижро ҳокимиятини назорат қила оладими? Назорат қила олади. Аҳоли билан учраша оладими? Учараша олади. Ричагим йўқ, ҳокимиятим йўқ дейишга асос йўқ. 

Яна бир масала, персонификация. Яъни қонунларни унинг ташаббускори номи билан аташ хусусида. Тан олиш керак, биз Россия партия етакчиларини ўзимизникилардан яхшироқ биламиз. Ваҳоланки, Шарқда персонификация кучлироқ, у ёки бу ислоҳотлар бир инсонни номи билан боғланади. Шу пайтгача, 25 йил Ислом Каримов номи билан боғланди. Бу нарса кучли, тан олиш керак. Аммо, бизда партияларимизда бундай қила оладиган етакчиларнинг ўзи йўқ. 

Энди парламент инновация минбарига айланиш керакми, деган мавзуга тўхталсак. Бир мисол келтираман. Буюк Британияда парламент икки партияли тизимда ишлайди. Партия сайловда ғалаба қозониб ҳукуматни шакллантирса, иккинчи мағлуб бўлган партия ҳам соя остидаги ҳукуматни тузади. У амалдаги ҳукуматга муқобил тарзда ташкил этилади. Ҳукумат аъзоси қандай қарор қабул қилса, муқобил (мухолифат) вазир унинг чиқарган қароридаги камчиликларни ёзиб, ОАВ орқали эълон қилади. Бундан жамият ютади. Амалдаги вазир бирор қарор қабул қилишдан аввал пухта ўйлашга мажбур бўлади. Чунки биладики, унинг хатосини синчиклаб текширадиган мухолифати бор. Демак пухта қарор қабул қилинади. 

Бунинг яна бир фойдали тарафи, агар навбатдаги сайловда мухолифатдаги партия ғалаба қозонгудек бўлса, вазирликка тайёр номзод бор бўлади. 

Ва ниҳоят, инновациянинг ўзи хусусида. Жанубий Кореянинг фахрланадиган танлови бор. Улар буни негадир “Гўзаллик танлови” деб аташади. У йилда бир марта давлат раҳбари иштирокида ташкил этилади. Унга электрон навбат билан ёзилиб, истаган киши давлатни ривожлантириш бўйича ўз лойиҳасини тақдим этади. Учрашув очиқ бўлади. Давлат раҳбари бунга бир ҳафтасини бағишлайди. 

Бунинг фойдаси нимадан иборат? Давлат раҳбари шу ернинг ўзида мақбул лойиҳага маблағ ажратади, янги вазирликлар ташкил этиши мумкин бўлади. 

Ниҳоят ғоялар ҳақида. Жанубий Кореяда “Миллий ғоянгиз борми?” деб сўрадим. Улар дастлаб миллий ғоя тоталитаризм белгиси, у-бу деб жавоб қайтаришди. Лекин, ўйлаб-ўйлаб Корея давлат бошқаруви академияси проректори менга айтдики: “Бўлди, тушундим саволингизни. 2020 йилгача ЯИМ (ялпи ички маҳсулот)ни аҳоли жон бошига 20 минг АҚШ долларга чиқариш бизнинг миллий ғоя”, - деди. 

Назаримда партияларимиз ҳам дадил, қўл билан ушлаб кўриш мумкин бўлган ғояларни илгари сурадиган вақт келди, деб ўйлайман”, - дея якунлади Нигора Умарова.