Бунёдкорлик ўзбекка хос фазилат. Қонга сингган қадрият. Айниқса, бу сўнгги даврда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳаётдаги ифодаси бўлмоқда. Албатта, бу яхши ва қувончли манзара. Лекин бу жараёнда дилни хира қиладиган ишлар ҳам, афсуски, йўқ эмас. 

Сўнгги пайтларда Тошкент шаҳрида янги уй жойлар қурилиши қизғин паллага кирди. Янги қурилаётган уйлар ҳудудида шу пайтга қадар яшаб келган аҳоли эса ўрнатилган тартибда уй-жой билан таъминланмоқда. Аммо баъзи кимсаларнинг масъулиятсизлиги сабабми ёхуд бошқа омил туфайлими, айрим фуқаролар ярим йиллаб сарсон-саргардон, хавф-хатарда, бузилган уйларнинг ўрнида яшаб келмоқда. 

Гап шундаки, Кун.uz сайти почтасига Тошкент шаҳар, Яккасарой тумани, Миробод кўчаси, 64-уйда истиқомат қилувчи  Феруза Маҳмудова мурожаат йўллади. Мурожаатда айни ҳолат баён этилган.

Хақиқатан ҳам пойтахтнинг қоқ марказида Маҳмудовалар оиласи бузилган уйлар ўрнида истиқомат қилмоқда. Биз уларнинг оила аъзолари билан суҳбат қилдик.

“Ҳокимиятга қилган мурожаатларимизнинг барчаси бесамар кетди. Иш шу даражага бориб етдики, ҳокимият вакиллари бизнинг маҳаллага келишсада, айнан бизга эътибор қаратмай, ҳатто салом-алик қилмай қўйишди. Айни дамдаги аҳволимиз жуда ночор. Икки-уч марта лўлилар гуруҳи ҳовлимизда изғиб юрганини кўрдик, буюмларимизни йўқотдик. Тушуна олмаётган томонимиз шунда-ки, мана шу ерда тўққиз нафар вояга етмаган бола яшайди, нега мутасаддилар бизнинг ишимизни ҳал қилиб беришмаяпти? Нега оддий халқни бунча қийнашади?”, деб ўксиниб гапирди биз билан суҳбатда Феруза Маҳмудова.

Беш нафар норасидаси бор Феруза Маҳмудованинг айтишига кўра, улар кам таъминланган оилалар рўйхатига киради. Дастлаб мана шундай оилаларнинг муаммоси ҳал этилиб, улар уй-жой билан таъминлаш тегишли мутасадди ташкилотларнинг вазифасига киради.  

Хабарингиз бор, Кун.uz сайти “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари” йилига бағишланган “Очиқ мулоқот” лойиҳаси доирасида Тошкент шаҳри Яккасарой тумани ҳокими билан очиқ мулоқот бўлиб ўтиши ҳақида хабар берганди. Албатта, бу ҳокимлик мутасаддилари билан режаланган ҳолда эълон қилинган. Бироқ туман ҳоким билан очиқ мулоқот ташкил этиш бўйича режалар қуруқ гап бўлиб қолмоқда. Саволларимизга эса узундан-узун жавобсиз қўнғироқлар билан жавоб олмоқдамиз. Умид қиламизки, туман ҳокими билан очиқ мулоқотда уйсиз қолаётган юртдошларимиз мурожаатлари борасида аниқ жавоб оламиз. Биз туман ҳокими билан очиқ мулоқот ташкил этиш бўйича мутасаддилардан хабар кутиб қоламиз.