«Манчестер Юнайтед» жамоаси бош мураббийи Жозе Моуриньо International Champions Cup турнири доирасида «Манчестер Сити»га қарши кечган ва 2:0 ҳисобидаги ғалаба билан якунланган ўйиндан кейинги фикрларини билдириб ўтди.

Ўйин ҳақида
«Бу яхши чигалёзди машғулот бўлди. Мавсумолди йиғини режалаштираётганимиздаёқ бу ҳақда ўйлаганмиз: МЛС клубларига қарши икки ўйин ва кейин дунёнинг кучли клублари билан баҳс.

Кўриниб турибдики, «Ман Сити» – Америка клублари билан таққослаганда анча кучли жамоа. Улар бизни диққатни йўқотмасдан ўйнашга мажбур қила олишди, ҳимояда сифатли ўйин кўрсата олдик.

Демак айтиш мумкинки, бу фантастик машғулот бўлди. Футболчилар анча тер тўкишди, ўйиндан кўнглим тўлди. Менимча, Гвардиоланинг ҳам».

Лукакунинг тезлиги, кучи ва ҳужумни якунлаш иқтидори ҳақида
«Биз нафақат унинг индивидуал маҳоратини, балки, жамоавий ўйинга киришиб кетишини кузатдик. У тўпни ўзида ушлаб тура олади, жамоадошлари очилишини кутади ва жамоага прессингдан чиқиб, рақиб ҳудудида тўпни назорат қилишида ёрдам кўрсатади.

Одамлар голларни, вазиятларни кузатишади, аммо мураббий сифатида мен ўйинга бошқа ракурсдан қарайман. Мен унинг ҳаракатларидан мухлислар каби қувонмаслигим мумкин. Биз Ромелу билан йиғин бошлаш арафасида шартнома туздик, ўтган 10 кун ичида унинг майдондаги ҳаракатлари жамоадошлари билан ўзаро ҳамфикр бўлиб ўйнашида муҳимдир».

Рэшфорднинг ҳужумдаги позицияси ҳақида
«Уларни ҳужумда бирга кўриш ажойиб. Бизда уч ўртоқлик ўйини бўлди, биз уч хил схемадан фойдаландик. Бугун биз «ўнлик» ҳужумчи қўлладик. Ишлашда, ривожланишда давом этамиз».

Қуруқ ўйин – бу ижобий кўрсаткич
«Ҳа, Де Хеа ва Ромеро ижросида ажойиб сэйвлар кўрдик, бу жуда зўр».

Ҳимоя ҳақида
«Биз бу ўйиннинг икки бўлимида турли ҳимоя тўртликларини туширдик. Фақат Валенсия бошқалардан кўпроқ ўйнади, чунки, у аввалги ўйинда кам вақт майдонда бўлганди. «Реал» билан ҳам биз шундай ўйнаймиз. Биз бу ерга барчани синаб кўриш учун келганмиз. Ҳаммаси яхши кетмоқда».