Тошкент шаҳар Миробод туманидаги савдо дўконларидан бирининг ёнида фуқаро М.Жўраевани Ш.Ботирова куч ишлатиш йўли билан уяли телефони ва бошқа нарсаларини тортиб олиб, воқеа жойидан яширинади. Жабрланувчи ҳудуддаги ички ишлар органи таянч пунктига бориб, бу ерда хизмат бурчини ўтаётган профилактика инспектори Назиржон Усмоновга бўлиб ўтган воқеа юзасидан ариза билан мурожаат этади, деб ёзмоқда “Постда” газетаси.

Н.Усмонов асосий вазифаси хизмат бурчини ўтаётган ҳудудда тинчлик-осойишталикни сақлаб, фуқароларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш эканини билса-да, аммо жиноят ҳақида тушган аризани тегишли тартибда туман ИИБ навбатчилик қисмида сақланаётган ариза ва хабарлар китобидан рўйхатдан ўтказмайди. Ноқонуний равишда жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилиб, жиноятни ҳисобга олишни қасддан яширади.

Халқнинг ишончи ва таянчи ҳисобланган профилактика инспекторининг бу иши ҳали ҳеч нарса эмас экан: Миробод туманидаги "Ойбек" номли маҳаллада олиб бораётган фаолияти давомида ўз вазифасига совуққонлик билан қарагани етмагандай, айрим фуқароларнинг ноқонуний ишларини қасддан яшириб, кўплаб ҳужжатларни қалбакилаштиргани охир-оқибат уни суднинг қора курсисига етаклади.

Жиноят ишлари бўйича Миробод туман судининг айблов хулосасида таъкидланишича, Н.Усмонов ўз мансаб вазифасига лоқайд ва виждонсизларча ёндашгани натижасида шу ҳудуддаги хонадонлардан бирида фоҳишахона очилишига ҳамда бу ерда доимий рўйхатда бўлмаган бир неча шахсларнинг ноқонуний фаолият билан шуғулланишларига йўл очиб берган.

Биргина мисол, А.Мансуров (исм-фамилияси ўзгартирилди) ҳамёнидаги пулларини фоҳишахонада фаолият кўрсатаётган қизлар ўғирлаб олгани тўғрисида туман ИИБ навбатчилик қисмига ариза беради. Мазкур ариза бўйича Н.Усмонов терговолди текширув ҳаракатларини олиб бориб, ғараз ниятда ўз хонадонида фоҳишахона ташкил қилган ҳамда бу жойда ноқонуний яшаб, мунтазам равишда фоҳишалик билан шуғулланаётган аёлларнинг шахсини аниқлайди. Бироқ мансаб ваколати доирасидан четга чиқиб, уларнинг ҳаракатларида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 190-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик аломатлари йўқ деб ҳисоблаб, жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилади. Жиноятни ҳисобга олишни қасддан яширади.

Шунингдек, мазкур уй кимга тегишли эканлигини аниқламасдан, турар жойга умуман алоқаси бўлмаган, лекин ўзини шу хонадон эгаси деб таништирган Х.Рамазанова номидан тушунтириш хати олиб, унинг ўрнига ўзи имзо чекиб, ҳужжатни қалбакилаштирган.

Булардан ташқари, профилактика инспектори “Паспорт-виза” тартиботи бўйича ўз ҳудудида тадбир ўтказаётганида хонадонлардан бирида Тошкент шаҳрида доимий рўйхатда турмаган фуқаролар истиқомат қилаётганини аниқлайди. Лекин шундай муҳим жараёнда тегишли тартибда маъмурий баённомани тўлдирмасдан, ушбу хонадонга мутлақо алоқаси бўлмаган шахс номидан такроран қалбаки ёзувлар киритади ва унинг номидан ўзи имзо чекиб, расмий ҳужжатни сохталаштиради.

Суднинг айблов хулосасида кўрсатилишича, унинг фаолияти текширилганда, юқорида келтирилган далиллардан ташқари, ўттизга яқин маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомаларда кўрсаткичлар сунъий равишда ошириб ёзилгани, сохта маълумотлар киритилгани ўз исботини топди.