Россия давлат думаси жума куни интернетда тақиқланган сайтларга кириш имконини берувчи сервисларни (анонимайзерлар) РФ ҳудудида ишлатишни тақиқлаш тўғрисидаги қонун лойиҳасини қабул қилди.

Ҳужжат РФда тақиқланган сайтларга кириш имконини тақдим этувчи ахборот-телекоммуникация тармоқлари ва ахборот ресурслари эгаларига уларга кириш имконини тақиқлашни назарда тутади.

Россия ахборот коммуникациялари устидан назорат хизмати тақиқланган ресурсларнинг қора рўйхати бўлган давлат федерал ахборот тизимини тузади ва уни юритади. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари мурожаатига кўра, муассаса тақиқланган интернет ресурсларга кириш имконини берувчи дастурий-ускуна воситаларини интернетда жойлаштиришга йўл қўйиб берган провайдерни аниқлайди. Бундай провайдерга рус ва инглиз тилларида электрон билдиришнома юборилиб, унда анонимайзер эгасини аниқлаш имконини берадиган маълумотлар тақдим этиш ҳақида сўралади. Провайдер уч иш куни мобайнида тегишли маълумотларни бериши керак.

Шундан сўнг назорат хизмати анонимайзерга ахборот тизимига уланиш бўйича талаб қўяди, ресурс буни 30 кундан сўнг амалга ошириши лозим. Агарда тегишли талаблар бажарилмаса, назорат хизмати анонимайзерни блоклаб қўяди.

Шу билан бирга, бундай нормалар давлат ахборот тизимлари операторлари, давлат органлари ва маҳаллий ўзини-ўзи бошқари органларига нисбатан қўлланилмайди. Бунда уларнинг фойдаланувчилари аввалдан маълум бўлиши лозим.