Сайтимизда яқинда ҳуқуқшунос, блогер Хушнуд Худойбердиевнинг «1 августдаги тест синовларини янада адолатли ўтказиш учун таклиф»и эълон қилинган эди. 

Х.Худойбердиев ўз мақоласида мавжуд қоидаларни тўлиқ ишга тушириш ва тест синовларига телефон, шпаргалка ва бошқа ёрдамчи воситалар олиб кирмоқчи бўлган абитуриентларни умуман имтиҳонга қўймасликни таклиф этган. Бунинг учун аввалдан уларга тушунтириш бериб бориш, ТВ орқали ижтимоий роликларни айлантириш, ҳаттоки тилхат ёздириб олиш, бир гап билан айтганда — «қўлга тушсанг — ҳайдаласан» қоидасини абитуриентларнинг миясига сингдириб бориш кераклигини таъкидлайди.

Бироқ, нақадар огоҳлантирилмасин, «барибир мен қўлга тушмасам керак», деган илинжда имтиҳонга телефон олиб кирмоқчи бўлган абитуриентнинг қўлга тушиб, бир йиллик умри совурилиши ёки уддабуронлик қилиб қўлга тушмасдан ёки текширувчи ходимларининг совуққонлиги ё ўз танишларини атайлаб ўтказиб юбориши туфайли ичкарида телефондан барибир фойдаланиш эҳтимоли вужудга келади.

Биз Хушнуднинг мақоласи сўнгида мавзу борасида ўқувчиларимизни ҳам мунозарага чорлаган эдик. Таҳририятимиз почтасига кўплаб мурожаатлар, таклифлар келиб тушди ва уларнинг аксарияти тест синовлари ўтказиладиган куни — 1 август эрталаб соат 8 дан 12 гача уяли алоқани умуман ўчириб қўйиш керак, деган яккаш фикрни илгари суришмоқда.

Албатта, 1 август куни 600 мингга яқин абитуриент имтиҳонга киради. Бир қарашда, 600 минг киши учун 20 млн.дан зиёд уяли алоқадан фойдаланувчи инсонларни сешанба — иш кунида алоқадан қуруқ қолдириш адолатсизликдек туюлади.

Лекин, менда бу борада бошқачароқ таклиф бор. (Фақат бу йил кечикдик, таклифни келгуси йилдан жорий этиш керак)

Ҳақиқатан ҳам, уяли алоқани имтиҳон вақтида 4 соатга ўчириш тест синовлари мобайнида кузатилаётган катта адолатсизликларга барҳам беради ва ўз билимига таянган абитуриентларнинг ўқишга кириши эҳтимолини кескин оширади. Телефонни ўчириш билан боғлиқ шундай тажрибани қўллаётган давлатлар ҳам бор экан.

Аслида, имтиҳон бўлаётган ҳудуднинг ўзида алоқани бўғиш (глушилка) билан муаммони барчага теккизмасдан ҳал қилиш мумкин. Лекин бунга катта миқдорда техник харажатлар талаб этилади ва жуда қимматга тушади.

Менинг таклифимга кўра, ёки 1 августни дам олиш куни, деб эълон қилиш керак ёки тест имтиҳонлари кунини июль ойининг сўнгги якшанбасида ўтишини доимий қилиб белгилаб қўйиш керак. «Нега августнинг биринчи якшанбаси эмас?» деганларга жавоб: бу ҳолатда илк якшанба 6 августга ҳам тўғри келиб қолиши мумкин, бу эса жавобларни ҳисоблаб чиқиш эълон қилиш, талабаликка қабул қилиш учун олийгоҳларда кам вақт қолишига сабаб бўлади.

Албатта, 1 августни дам олиш куни, деб эълон қилиш мантиқсизроқдек. 600 минг киши учун бир кун бутун мамлакатни ишдан қолдириш ярамайди. Боз устига, 1 август байрамга ҳам тортмайди...

Якшанба — ўз номи билан дам олиш куни. Бу кунда фирма, корхона ва ташкилотларга тегишли уяли телефонлардан хизматда фойдаланилмайди. Устига устак, ўша 600 мингта абитуриентни имтиҳонга камида бир нафар яқин қариндоши (отаси, онаси, акаси ва ҳ.к.) кузатиб келади. Тест синовлари куни бино ичидаги абитуриентлардан ташқарида уларни кутувчилар кўпроқ бўлишини ҳаммамиз кўрганмиз. Агар тест дам олиш кунидан бошқа кунда ўтса, улар ҳам ишдан қолади. Бундан ташқари, тест синовлари вақтида аудиторияда кузатувчилик қилувчи фуқаролар ҳам ўзининг асосий иш жойидан жавоб олиб ўтирмайди.

Уяли алоқа вақтинча ўчирилгани билан, менимча, уяли алоқа компанияларида энг муҳим хизматлар — 101, 102, 103, 104 кабиларни ишлатиб қўйишнинг техник имконияти бор. «Тез ёрдам», ўт ўчириш хизмати, милиция ва газ авария хизматига, шунингдек, қисқа ишонч телефонлари рақамларига бемалол қўнғироқ қилиш мумкин. Дам олиш куни бўлгандан кейин кўпчилик ўз уйида бўлади ва зарурият туғилганида уй телефонларидан фойдаланиб туришади. Барча ташкилотларнинг иш телефонлари бор, ишонч телефонлари ҳам мобил эмас, оддий рақамлар.

Хуллас, Хушнуд айтганидек қилинса, телефон билан қўлга тушадиган абитуриентлар иштирокида жанжал ва бошоғриқлар республикамизда тест ўтадиган ҳар бир бинода юз бериши турган гап. Ўзингиз ўйланг, телефон ё шпаргалка билан қўлга тушган 100 нафар абитуриент имтиҳонга киритилмасдан, бинодан ҳайдаб чиқарилса нима бўлади? Қўшимча хавфсизлик кучлари талаб этилмайдими?

Шу сабабли сих ҳам, кабоб ҳам куймайдиган йўл — имтиҳонни якшанба кунга белгилаш ва уяли алоқани 4 соатга ўчириб қўйиш. Халқимиз йилнинг бир кунида 4 соат содир бўладиган бу ҳолатни тўғри қабул қилади. Фақат, адолат юзасидан, ўша кун, албатта, дам олиш кунига тўғри келиши ҳам керак-да.

Шуҳрат Шокиржонов,
журналист