Тошкент вилояти ҳокимига янги ўринбосар лавозими жорий этилди. 

Шавкат Мирзиёев Тўйтепада вилоят фаоллари билан ўтказилган йиғилишда вилоятда коммунал соҳадаги камчиликларни келтириб ўтди ва бу муаммоларни бартараф этиш мақсадида вилоят ҳокимига Коммунал соҳа билан шуғулланадиган ўринбосар тайинлаш таклифини берди.

«Кун.uz» манбаси хабар қилишича, бу лавозимга полковник Қобил Ҳамдамов тайинланган. Бунгача у Мудофаа вазирининг  ўринбосари сифатида фаолият кўрсатиб келаётганди.

Маълумот учун, Тошкент вилояти ҳокими Шукрулло Бобоевнинг шу вақтгача 6 ўринбосари бор бўлиб, улар: Тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосар Махмуд Абдураҳмонов, Саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Усмон Раҳимов, Қишлоқ ва сув хўжалик масалалари бўйича ўринбосар (вакант), Ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосар Баҳодир Аҳмедов, Жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосар Алимардон Қаршиев ҳамда Хотин қизлар қўмитаси раиси, ҳоким ўринбосари Сайёра Файзиева.