Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятининг асосий туристик йўналишлари билан танишди.

ЎзА берган хабарга кўра, президентга вилоятнинг сайёҳлик салоҳияти имкониятларидан унумли фойдаланиш бўйича режалар, 2017—2018 йилларда вилоятда туризм соҳасини янада ривожлантиришнинг асосий кўрсаткич прогноз параметрлари тақдим қилинган. 

«Вилоятда Чимён оромгоҳи, Чорвоқ сув омбори, Ихнож, Урунгач, Шовур, Бодак кўллари бор. Вилоятда 45 та меҳмонхона бўлиб, ўтган йили 100 мингдан зиёд сайёҳ ташриф буюрган. 4 та туроператор, 4 та табиий кўл, 71 та санаторий, битта қўриқхона, 5 та ўрмон хўжалиги мавжуд», дея маълумот берилган хабарда.

Чимён оромгоҳида хорижий ва маҳаллий сайёҳлар учун 500 ўринли замонавий меҳмонхона мажмуаси лойиҳасининг тақдимоти ўтказилган. Мазкур ҳудудда замонавий осма йўл қуриш лойиҳасига ҳам эътибор қаратилган. Узунлиги 2 километр бўлган, 26 кабинадан иборат осма йўлни 10 ойда қуриш мўлжалланган.

Президент Бўстонлиқ тумани, «Хўжакент» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида қуриладиган «Қўш-Чинор» меҳмонхона мажмуаси лойиҳасини ҳам кўздан кечирган. Мажмуадан 130 ўринли меҳмонхона, 60 ўринли ресторан, соғломлаштириш маркази ва хизмат кўрсатиш шохобчалари ўрин олган.