Туркманистон суд органлари Фатҳуллоҳ Гуленнинг (FETÖ) ташкилотига алоқадор 40 га яқин кишини узоқ муддатга озодликдан маҳрум этди (10 йилдан 25 йилгача). Бу ҳақда “Анадолу” хабар бермоқда.

Агентликнинг маҳаллий манбалар маълумотига асосан хабар қилишича, Туркманистоннинг турли туманларида июль ойи давомида Гуленнинг ташкилотига алоқадор шахсларнинг иши бўйича суд эшитувлари бўлиб ўтди.

Қамалганларнинг аксарияти – Гуленнинг ўқув муассасалари битирувчилари экани айтилмоқда. Уларнинг бир қисми эса тижорий фаолият билан шуғулланган. FETÖ’нинг баъзи аъзолари мол-мулки ҳам мусодара этилган.

Агентликнинг қайд этишича, Туркманистонда ўтган йили Гуленнинг ташкилотига алоқадор 150 инсонга нисбатан жиноий иш қўзғатилган. Жорий йилнинг февралида уларнинг 18 нафари қамоқ жазосига ҳукм қилинди.