Айни вақтда бутун дунёдаги футбол мухлисларини бир савол ўйлантирмоқда – Неймар Примерада қоладими ёки Лига 1 чемпионатини ҳайратлантириш учун йўл оладими?

Испан нашрлари Неймар «ПСЖ» билан шартнома борасида келишиб олгани ҳақида ёзмоқда. Ҳозирда французлар «Барселона» билан музокара ўтказмоқда ва томонлар келишувга яқин турибди.

Барчага маълумки, ушбу футболчининг трансфер баҳоси 222 млн евро этиб белгиланган. Аммо араб шайхларини бу чўчитмайди – улар «Манчестер Юнайтед»нинг трансфер рекордини янгилашга тайёр.

Баъзи манбалар ушбу трансфердаги иштироки учун парижликлар футболчининг отасига 50 млн евро ваъда қилгани айтилмоқда. «ПСЖ» Неймарнинг отасига бу бўйича ёзма ваъда берган. Катта Неймар футболчининг отаси ҳисобланади ва бунинг ҳайрон қолгулик жойи йўқ.

Футболчи бу таклифга рози бўлса, 5 йил давомида Францияда 150 млн евро ишлаб олиши мумкин бўлади. Яъни, 50 млн евро – унинг севимли отасига, 150 млн евро – унинг ўзига ва 222 млн евро – «Барселона»га. Жами 420 млн евро. Жозе Моуриньо трансфер бозоридаги аҳволдан шикоят қилиши бежизга эмас...

Бугун бу мавзуда яна бир муҳим янгилик тарқалди – Неймарнинг «ПСЖ»га ўтиши 95 фоизга ҳал бўлган. Бу вақтда футболчи Instagram тармоғида «жумбоқ пост» қолдирди.

Эндиликда ҳамма у «Барселона»дан кетиш ҳақида ўйлаётганини билади. Унинг кетишига Лионель Месси сабабчи сифатида кўрсатилмоқда. Неймарнинг яқинлари унга клубини алмаштиришни, ҳозирги клубида у аргентиналик футболчи соясида қолиб, шахсий натижаларга эриша олмаслигини уқтиришмоқда.

Бу хабарлар фонида Неймар Месси ҳақида илиқ фикрлар билдирди.

«Месси нега дунёнинг энг яхши футболчисими? Бунга ҳеч ким жавоб бера олмайди. Ҳеч бир эксперт сизга у бу ишларни қандай қилаётганини тушунтириб бера олмайди. Лионель шунчаки барча стандартлардан ташқарида. У жуда ақлли футболчи, қолаверса, унинг техникаси ва тезлиги аъло даражада. Унинг кучи барча чизиқларда ҳаракатланишга имкон беради. Месси кичиккина ҳудудда бир неча футболчиларни алдаб ўтиши мумкин. У шунчаки сеҳргар.

Шунингдек, Лионель жуда яхши инсон.  У ҳеч қачон ўзини бошқалардан юқори тутмайди. Месси бошқаларга имконият беради. Ўйлайманки, у туфайли мен янги даражага кўтарилдим.

Мен унинг машғулотлардаги ҳаракатларини кузатаман ва унинг учун ҳар бир ўйин қанчалик муҳимлигини яхши тушунаман. Бу менга ёрдам беради. У билан бирга ўйнаганим - менинг омадим. Месси – менинг кумирим», – деган Неймар.