САВОЛ: Мен касб-ҳунар коллежини 2016 йилда тамомлаб, биринчи марта ишга кирдим. Менга солиқ соҳасида қандай имтиёзлар берилади? Шу ҳақида маълумот бериб ўтсангиз.

ЖАВОБ: Ўзбекистон Республикаси президентининг “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги 2017 йил 5 июлдаги ПФ-5106-сон фармонига асосан, Таълим муассасасини тамомлаганига 3 йил бўлмаган, биринчи марта ишга қабул қилинган ёшларга даромад солиғини 1-йил учун 50 фоизга, 2- ва 3-йиллар учун эса 25 фоизга камайтириш белгиланган.

 

САВОЛ: Мен Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи шаҳар кенгаши қошида 8 ёшдан
19 ёшгача бўлган болаларга инглиз тилини ўргатиш шўъбасини очмоқчиман. Менга солиқ тўлаш соҳасида қандай имтиёзлар берилади?

ЖАВОБ: Ўзбекистон Республикаси президентининг “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги 2017 йил 5 июлдаги ПФ-5106-сон Фармонининг 13-бандига асосан, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи қошида турли фанлар, жумладан, чет тилларни ўргатиш, компьютер дастурларини тузиш ва тадбиркорлик асосларини ўқитиш мақсадида ташкил этиладиган шўъба корхоналарини 2027 йил 1 августга қадар барча солиқлардан озод этиш, бунда корхона ихтиёрида қоладиган сумманинг 20 фоизини Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ривожлантириш жамғармасига ўтказиши белгиланган.

 

САВОЛ: Мен касб-ҳунар коллежини тамомлаб, ўз тадбиркорлик фаолиятимни бошламоқчиман. Лекин менда бошланғич сармоя мавжуд эмас. Менга ва мен каби тенгдошларимга қандайдир имтиёзлар мавжудми?

ЖАВОБ: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2016 йил 3 февралда 2758-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган Тижорат банклари томонидан касб-ҳунар коллежлари битирувчиларига микрокредитлар бериш тартиби тўғрисидаги НИЗОМга мувофиқ тижорат банклари томонидан касб-ҳунар коллежлари битирувчиларига миллий валютада микрокредит бериш тартиби белгиланган.

Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун давлат рўйхатидан ўтган ёки юридик шахс устав фондида (устав капиталида) 50 фоиз ёки ундан ортиқ акцияга (улушга) эга бўлган Ўзбекистон Республикаси касб-ҳунар коллежларида ўқишни якунлаган кунидан бошлаб 3 йилдан ортиқ вақт ўтмаган битирувчиларкредитлаш субъектлари ҳисобланади.

 

Микрокредитдан фойдаланганлик учун фоиз ставкаси миқдори Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкаси даражасидан юқори бўлмаган миқдорда, банкнинг имтиёзли кредитлаш жамғармаси ҳисобидан микрокредит ажратилган тақдирда Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкасининг 50 фоизи миқдорида белгиланади.

 

САВОЛ: Мен коллежни тамомладим. Ўз бизнесимни юритмоқчиман. Менга Солиқ соҳасида қандай имтиёзлар берилади?

ЖАВОБ: Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексининг 375-моддасига асосан, Касб-ҳунар коллежлари битирувчилари коллежни тамомлагандан кейин ўн икки ой ичида якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтган тақдирда, якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтган санадан эътиборан қатъий белгиланган солиқни тўлашдан олти ой муддатга озод этилади.

 

Саволларга ҳуқуқшунос Сардорбек Неъматжонов жавоб берди.

Таҳририятдан: Кун.уз ахборот сайти Адлия вазирлиги билан биргаликда “Юридик хизмат минбари” саҳифасини ташкил этган. У ерда ўзингизни қизиқтирган саволларни йўллашингиз ва бошқа саволларга берилган жавоблар билан танишишингиз мумкин.