АҚШ маъмурияти америкалик фуқароларнинг КХДРга боришига тақиқ қўйиш ҳақида қарор қабул қилди. Бу ҳақда Қўшма Штатлар Давлат департаменти матбуот хизмати раҳбари Ҳезер Науэрт жума куни маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, бундай қадамга “Шимолий Корея ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизими доирасида АҚШ фуқаролари ҳибсга олиниши ва узоқ муддат қамоқда сақланиши бўйича жиддий таҳдид борлиги” сабаб бўлган.

АҚШ давлат котиби Рекс Тиллерсон “барча америкалик фуқаролар учун Шимолий Кореяга бориш ёки у орқали бошқа давлатларга ўтиш учун паспортлардан фойдаланишга махсус географик чеклов” киритиш ташаббуси билан чиқди, дея таъкидлаб ўтган Науэрт.

Унинг аниқлик киритишича, бу ҳаракатлар амалда АҚШ фуқаролари КХДРга бора олмаслигини англатади, сабаби бунда паспортнинг ишлатилиши Америка қонунчилигининг бузилиши бўлади. "Шимолий Кореяга бориш учун АҚШ фуқаролари махсус рухсатномага эга паспортни олиши талаб этилади", - дея таъкидлаб ўтди ташқи сиёсат идораси расмий вакили.

Америка дипломатиясининг ушбу қарори АҚШ ҳукуматининг махсус ҳужжатлар реестрида жойлаштирилганидан бир ой ўтиб кучга киради. "Биз билдиришномани Федерал реестрда келаси ҳафта эълон қилиш ниятидамиз. Чеклов у эълон қилинганидан 30 кун ўтиб кучга киради", - дея аниқлик киритди Науэрт.

Бироқ, КХДРга “маълум бир гуманитар ёки бошқа мақсадларда боришга ҳаракат қилувчи америкалик фуқаролар” Давлат департаментига махсус белгига эга паспортни олиш учун мурожаат йўллашлари мумкин. 

Аввалроқ АҚШ ўз фуқароларига Шимолий Кореяга боришни тақиқлаб қўймоқчи экани хабар қилинганди.