Германиянинг Deutsche Bank ва Американинг JPMorgan Chase молия муассасалари қатор инвесторлар томонидан суд даъво аризаларини қайтариб олишлари учун умумий ҳисобда 148 млн доллар тўлайди. Сармоядорлар ушбу молия институтларини банклараро ставкаларда ҳийла қўллаганликда айблашмоқда. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар қилмоқда.

Агентликка кўра, Deutsche Bank 77 млн, JPMorgan Chase 71 млн доллар тўлайди. Келишув судолди моҳиятига эга, шу сабабли уни Манҳэттен федерал суди тасдиқлаши керак. 

Аввалроқ, Американинг Citigroup молия гуруҳи ва Британиянинг HSBC конгломерати ҳам барча суд даъволарини бекор қилиш учун тегишли равишда 23 млн ва 35 млн доллар тўлашга рози бўлганди. 

Хабар қилинишича, гап 2006-2010 йилларда LIBOR амалиётидаги банклараро ставкалар ҳийлалар қўллангани ҳақида бормоқда. LIBOR амалиётида банклар белгиланган ставкада жорий ликвидликни таъминлаш учун бир-бирига кредит беради. Бу каби ноқонуний ҳаракатлардан зарар кўрган Америка инвестиция фирмалари 20 га яқин банк устидан даъво қилган.