Озарбойжон ва Россия президентлари Илҳом Алиев ҳамда Владимир Путин Сочидаги амалий учрашув давомида Тоғли Қорабоғ можаросига ечим топиш масаласини муҳокама қилишди. Бу ҳақда Озарбойжон президенти матбуот хизмати хабар берган.

"Озарбойжон президенти Илҳом Алиев ва Россия президенти Владимир Путиннинг Сочидаги учрашуви доирасида Арманистон-Озарбойжон муаммоси – Тоғли Қорабоғ можаросини ҳал қилиш билан боғлиқ масалалар муҳокама этилди", - дея хабар берган матбуот хизмати.

Аниқлик киритилишича, давлат раҳбарлари Озарбойжон ва Россия ўртасидаги стратегик шериклик алоқалари бор экани, икки томонлама муносабатлар сиёсий, иқтисодий, гуманитар ва бошқа соҳаларда муваффақиятли ривожланаётганини таъкидлашган.

"Учрашувда халқаро ва минтақавий муаммолар юзасидан фикр алмашилди. Давлат раҳбарларининг ишонч билдиришича, Озарбойжон ва Россия ўртасидаги дўстона ҳамда стратегик шериклик алоқалари келажакда ҳам ривожланиб боради", - дея қайд этилади хабарда.

Озарбойжон президентининг Россияга амалий ташрифи бугун, 22 июль куни ўз якунига етади.