АҚШ Миллий разведкаси директори Дэниел Коутснинг Аспендаги хавфсизлик бўйича форумда маълум қилишича, Шимолий Корея унинг мамлакати учун ҳақиқий таҳдидга айланиб бормоқда. Бу ҳақда РИА Новости хабар қилмоқда.

Дэниел Коутс. Фото: Sputnik

«Фикримча, улар ядро клуби эшигидан кириш учун яна қандайдир ишни қилиши лозим. Улар бу мақсадга эришиш йўлида ақл билан ҳаракат қилмоқда», - деган Коутс «КХДРни ядро давлатлари клуби аъзоси, деб ҳисоблаш ва унга бунга яраша муносабатда бўлиш вақти келмадими» деган саволга жавоб қайтариб.

Унинг таъкидлашича, АҚШ «ҳар бир синов билан кўплаб тадқиқотчилик маълумотлари келиб тушаётганини» кўрмоқда ҳамда Шимолий Корея «АҚШ учун ҳақиқий таҳдидга айланмоқда».

Коутснинг сўзларига кўра, Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин жуда ноодатий инсонлардан бўлиб, у «омон қолиш ҳаракатида».

«У тентак эмас», - дея аниқлик киритган Коутс.

Аввалроқ АҚШ ўз фуқароларига КХДРга боришни тақиқлагани хабар қилинганди.