“Чегара билмас шифокорлар” халқаро ташкилоти Афғонистоннинг Кундуз шаҳрида янги шифохонани очди. У 2015 йилда АҚШ ҲҲК авиазарбаси натижасида қисман вайрон бўлганди, деб хабар қилмоқда Рейтер.

"Бу шифохонанинг очилиши – Кундузда кенг кўламли тиббий ёрдам кўрсатишни таъминлаш йўлидаги илк қадамдир. Ҳамда бу биз учун муҳим нарса", — дея маълум қилди ташкилотнинг Афғонистондаги дастури раҳбари Сильвия Деллатомасина.

Агентликнинг таъкидлашича, АҚШ ҲҲК зарба берганидан сўнг, MSF ходимлари АҚШ ҳамда Афғонистон қуролли кучлари вакилларидан “Чегара билмас шифокорлар”нинг тиббий муассасалари қўриқланишига оид кафолатлар олишга ҳаракат қилган.

Деллатомасинанинг сўзларига кўра, шифохона янги жойда жойлашган ва енгил ҳамда доимий жароҳатларни даволаш бўйича хизмат кўрсатади. Жиддий амалиётларга муҳтож бўлган беморлар ҳукумат шифохоналарига мурожаат этиши лозим.

“Чегара билмас шифокорлар” халқаро ташкилотининг Афғонистоннинг Кундузидаги шифохонаси 2015 йилнинг 3 октябрь куни АҚШ зарбасидан сўнг қисман вайрон этилди. MSF маълумотларига кўра, бомбардимонлар натижасида 42 киши қурбон бўлган.