Польшанинг йирик шаҳарларида икки кундан бери суд ислоҳотига қарши оммавий норозилик намойишлари бўлиб ўтмоқда. Маҳаллий ОАВ маълумотларига кўра, уларда минглаб инсонлар қатнашаяпти.

Пойтахт Варшавада норозилик акцияси мамлакат парламенти ва Олий суди биноси ёнида ўтказилмоқда. Унинг иштирокчилари ҳукмрон “Ҳуқуқ ва адолат” партиясидан конституция ва демократик нормаларга амал қилишни талаб этмоқда.

"Биз асосий қонун - конституция ҳурмат қилинишига эришишимиз керак, сабаби биз - конституция. Айнан у бизга эркинликни кафолатлайди", - дея маълум қилди мамлакат Конституциявий судининг собиқ раҳбари Анжей Жеплиньский намойишлар вақтида.

Акцияда мухолиф партиялар, демократияни қўриқлаш қўмитаси вакиллари иштирок этмоқда. ОАВ маълумотларига кўра, намойиш тинч ўтмоқда. Польша пойтахтидаги қатор кўчалар ёпиб қўйилган.

Норозилик намойишларида қанча киши иштирок этаётгани борасида расмий маълумотлар йўқ, сенат биноси ёнида бир неча юзлаб инсон бор. Сенаторлар Олий суднинг куни кеча Польша сейми томонидан қабул қилинган баҳсли қонун лойиҳасини 12 соатдан ортиқ вақт давомида муҳокама қилишган.

Суд ислоҳотига қарши худди шундай норозилик намойишлари Польшанинг бошқа шаҳарлари - Вроцлав, Познань, Торунь, Катовица, Люблин, Белосток, Старгард, Эльблонг, Краковда ҳам бўлиб ўтмоқда.

Польшада оммавий норозилик намойишлари пайшанба куни бошланди, бу сейм Олий суд тўғрисидаги қарорни қабул қилгач, рўй берди. У мухолифатнинг жиддий танқидига сабаб бўлди. Маълумотларга кўра, Варшаванинг ўзида 50 минг киши акцияда қатнашган.

Айни дамда Польша президенти Анжей Дуда икки қонун лойиҳасини кўриб чиқмоқда, улар мамлакатдаги суд органлари ишини ўзгартиради. Бундан ташқари, Польша сейми кўп кунлик муҳокамалар ва мухолифатнинг танқиди ҳамда кўп сонли акцияларга қарамай, мамлакат Олий суди ишини ислоҳ этувчи қонун лойиҳасини қабул қилди.