Демократия – кўнгилхушлик, сўз эркинлиги — оғзига келганни айтиш эмас. Акс ҳолда бундай «демократия» ва «сўз эркинлиги» жамият тараққиётига эмас, парокандалик ва тафриқага олиб боради.

Кейинги вақтда жамиятдаги янгиланиш ва демократик ислоҳотлар натижасида оммавий ахборот воситалари, айниқса, катта аудиторияга эга веб-сайтларда турфа фикрлар, танқидий қарашлар, баҳс-мунозаралар сони ва салмоғи кўпайди. Албатта, очиқ жамиятда баҳслар бўлиши, хилма-хил фикрлар билдирилиши табиий жараён. Бунга ҳеч кимнинг эътирози йўқ. Бироқ ана шу жараёнда, айниқса, айрим сайтларда сўз айтиш масъулияти унутилиб қўйилаётгани, «биз ҳам бормиз» қабилида юзаки материаллар тайёрлаётган муаллифлар пайдо бўлаётгани дилни хира қилади.

Масалан, яқинда Kun.uz сайтида Ўткир Қаламтебратар (даъвони қаранг!)нинг «Жиддий» газеталарни нега ўқимаймиз?» сарлавҳали «мақола»си эълон қилинди.  Бу жанрни нега қўштирноққа олдикки, бу материал бошдан-оёқ бирёқлама, асосланмаган, ҳатто ёлғон маълумот ва муносабатдан иборат. Унда келтирилган қуйидаги жумлаларга эътибор қилинг: «Миллий тикланиш», «Адолат» ва «XXI аср» каби мамлакатнинг «йирик» ижтимоий-сиёсий нашрлари ҳалигача ижтимоий тармоқларда ўз саҳифасига эга эмас. Расмий веб-сайтларининг аҳволи бундан-да ғариб. Масалан, «Миллий тикланиш» газетасининг электрон шакли «таг-туги» билан йўқ...» 

Ҳайратланарлиси шундаки, Ўткир Қаламтебратар мақола ёзаётганида сўзи нақадар тўғри ёки нотўғри эканини бирор марта бўлсин, текшириб кўрмаган. Бундай дейишимизнинг, албатта, боиси бор. Чунки «Миллий тикланиш» газетасининг расмий веб-сайти — www.milliytiklanish.uz 2011 йилдан бери мунтазам фаолият кўрсатиб келади. Тўғри, балки сайтнинг дизайнида у ёки бу камчиликлар, айрим техник номукаммалликлар бўлиши мумкиндир. Аммо бу «газета сайти таг-туги билан йўқ», дея айюҳаннос солиш учун асос бўла олмайди-да! Назаримизда, муаллиф ўзининг «бу нашрлар интернетни ҳали ҳам — «Ютуб»дан қаланғи-қасанғи клиплар кўчириб берадиган эрмак, деб ҳисоблайди», деган фикрига ўзи ҳам қаттиқ ишониб қолган кўринади. Акс ҳолда сайтнинг бор ёки йўқлигини текшириб кўриш унчалик қийин иш эмас — бор-йўғи қидирув тизимлари орқали «Миллий тикланиш» газетасининг сайти», деб ахтарилса, кифоя. 

Муаллифнинг «ижтимоий-сиёсий нашрлар ҳалигача ижтимоий тармоқларда ўз саҳифасига эга эмас», деган фикри ҳам ҳақиқатдан мутлақо йироқ. Ижтимоий-сиёсий газеталарнинг деярли барчаси, шу жумладан,  «Миллий тикланиш», «Ўзбекистон овози», «Адолат» газеталари ҳам ижтимоий тармоқлар, хусусан, «Фейсбук»да ўз саҳифасига эга. Унда бир неча ойдан бери турли мақолалар эълон қилиб келинмоқда. Буни билиш учун журналистдан фақат озгина ҳафсала, холислик ва изланиш талаб этилади, холос. Агар Ўткир Қаламтебратарнинг бундан хабари бўлмаса, «бутунлай йўқ» дейиши қанчалик асосли? (Ва умуман олганда, газета ўқиш тугул уни кузатиб ҳам бормайдиган шахснинг бу мавзуда «қалам тебратиши» афсусланарлидир). Ахир журналист бирор мавзуда мақола ёзар экан, ўзи танқид остига олаётган объектни батафсил ўрганиши, айтаётган гапларининг тўғри ва холис эканига ишонч ҳосил қилиши керак эмасми?! Акс ҳолда, унинг «ўткир қаламтебратар»лик даъвосига қандай ишониш мумкин?

Албатта, журналистлар, оммавий ахборот воситалари жамиятда учраётган камчиликлар, муаммоларни дадил кўтариб чиқиши, унга кенг жамоатчиликнинг эътиборини қаратиб, бартараф этишга кўмаклашиши жуда муҳим, қолаверса, давр талаби. Бироқ материал тайёрлаётганда уни кенг оммага тарқатаётганда шошмашошарликка, факт ва рақамларни чуқур ўрганмай эълон қилишга йўл қўймаслик керак. Бизнингча, Ўткир Қаламтебратар таъбири билан айтганда, «чанг босиб ётган» «Ахборотлаштириш тўғрисида»ги, «ОАВ тўғрисида»ги, «Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида»ги, «Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги каби қонунларни унинг ўзи ақалли бирор марта чангини артиб, ўқиб кўрмаган. Акс ҳолда ундаги «журналист ўзи тайёрлаётган материалларининг тўғри ёки нотўғри эканлигини текшириши ва холис ахборот тақдим этиши шарт», дея белгилаб қўйилган меъёрларни кўрган ва унга амал қилган бўларди.

Журналистлик — ўта масъулиятли касб. Қалам, агарда ақл билан тебратилмаса, унинг тиш... кавлайдиган оддий чўпдан фарқи қолмайди. 

Аҳмад Полвон, 
холис қаламтебратар