Айтадиларки, саховат, меҳр-мурувват ва ўзаро оқибат келаётган балоларнинг олдини олади. Яна айтадиларки, соф ниятла қилинган ҳар бир иш ўз соҳибига барака ва раҳмат ёғдиради. Кун.uz таҳририятига келган мурожаатларнинг бирида саховатпеша одамлардан умид қилиб, битилган мактуб эътиборимизни ўзига тортди. Унда, жумладан, шундай дейилади:

“Ассалому алайкум. Исмим Ибрагимов Жаҳонгир Усмонович. 1995 йилнинг 23 сентябрь куни туғилганман. Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳри, “Кунчиқар” маҳалласи, Чоштепа қишлоғида, 37-уйда истиқомат қиламан. 

Менинг оёғим оғриб юрар эди. Вақт ўтиб бу касаллигим кучайди. 2016 йилнинг ноябрь ойида тиббий кўрикдан ўтгани пойтахтдаги Тошкент тиббиёт академиясига бордим. У ердаги барча текширувлардан ўтдим. Шифокорлар иккала оёғимнинг чаноқ қисми суяги чириб, емирила бошлаганини айтишди. Тушкунликка тушиб қолдим. Аммо шифокорлар менга далда беришди, уларнинг айтишича, бу касалликнинг шифоси бор экан. Чириган суякни олиб ташлаб, унинг ўрнига эндопротез қўйишар экан. 

Эндопротезнинг бир донаси 3000 АҚШ доллари бўлиб, у ҳам чет элда турар экан. Умумий харажатларга 7000 АҚШ доллари сарфланар экан. Ана шу протезни олиб борсам, улар операция ўтказишларини маълум қилишди. Бизнинг эса бу протезни сотиб олишга молиявий қурбимиз етмаяпти. Онам 1-гуруҳ ногирони, тўшакда ётиб қолганлар. Акам ҳам 1-гуруҳ ногирони, қўл оёғи ишламайди, у киши ҳам ётиб қолганлар. Дадам оддий ишчи, 250 минг сўм маош оладилар. Мен эса имконим етгунча акам ва онамга қарайман. Акамга ўхшаб тўшакка михланиб қолсам, бизни ким боқади, бизга ким қарайди, шундан ташвишдаман”.

Мактуб ҳақиқатан ҳам дардли битилган. Биз Ибрагимовлар оиласига ташриф буюрганимизда вазиятнинг асли ҳам ана шундай эканлигига гувоҳ бўлдик. Чоғроққина уй, тўшакка михланиб ётган она ва ўғил ҳамда уларга термулиб турган қора кўзлар...

“Ўтган йилнинг ноябрь ойида менга, бир йил вақтинг бор, шу вақт ичида протез топиб, сени дарров операция қилиш керак, бўлмаса тўшакка ётиб қоласан дейишганди”, - деди биз билан суҳбатда Жаҳонгир Ибрагимов. – “Аммо молиявий аҳволимиз ночор бўлганлиги туфайли ҳалигача бу иш амалга ошмай келмоқда”.

Шаҳар ҳокимияти ва маҳалла аҳли мазкур оилага ваколатлари ва имкониятлари доирасида кўмак кўрсатиб келишаётган экан. Аммо эндопротез деб аталмиш матоҳнинг қимматлиги хайрли ишнинг охирига етмай, қолиб кетаётганлигига сабаб бўлмоқда.

Саховатли ва мурувватга ташна инсонлар ёрдамидан умидвор бу хонадонни тарк этарканмиз, дилимизда ҳам қайғу, ҳам умидворлик ҳислари аралашиб кетади. Яхши одамларнинг борлиги, ўзбек халқи доим мурувватли бўлгани, эҳтиёжманд одамлар ҳеч қачон оро йўлда қолмагани дилимизни ёритади. Азиз ўқувчига юзланиб, шундай деймиз: “Агар сизда мана шу оилага ёрдам бериш имконияти бўлса, бундай улкан савобдан четда турманг. Бир кишининг бу ҳаётдан умиди сўнмасин, сиз бунга сабабчи бўлинг. Жаҳонгирнинг соғайиб кетиши учун молиявий ёрдам беришга қурбингиз етса,бу хайрли ишга ўз ҳиссангизни қўшинг. Ана шунда ҳаётингиз барака ва яхшиликка тўлади”.

Қўшимча маълумотлар:

Пластик картадан пул ўтказмалари учун Жаҳонгирнинг дадаси Жўраев Усмон Ибрагимович номига очилган пластик карта рақамлари: 8600 0423 0789 6539

Банк ҳисоб рақами: 20206000999981281001

Мурожаат учун Жаҳонгирнинг телефон рақами: +998903149000