Араб давлатлари лигаси Қуддусдаги Ибодатхона тоғидаги вазият туфайли шошилинч йиғилиш ўтказади. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар тарқатди.

Хабар қилинишича, бундай ташаббус Иордания томонидан билдирилган.

Йиғилишда лигага аъзо давлатларнинг ташқи ишлар вазирлари қатнашади.

Бундан аввалроқ БМТ Хавфсизлик кенгаши 24 июль куни Қуддусдаги вазият бўйича навбатдан ташқари йиғилиш ўтказиши маълум қилинганди.

Ёпиқ тартибдаги йиғилиш кенгашнинг Нью-Йорк вақти билан 10:00 да бошланадиган эрталабки сессиясидан сўнг бошланади.

22 июль, жума куни Иордан дарёсининг Ғарбий қирғоғидаги Халамиш аҳоли пунктида уч нафар яҳудий ўлдирилди, бир нафари жароҳат олди.

Ўтган ҳафта уч жангари Ибодатхона тоғида икки полициячини ўлдириб кетгани бу ҳудудда хавфсизлик чораларининг кучайтирилишига сабаб бўлди. Жумладан, Ибодатхона тоғига чиқиш учун металл аниқловчи ромлардан ўтиш талаб этилади. Бундан ташқари, элликка тўлмаган мусулмонларга ал-Ақсода намоз ўқиш тақиқланди.